10:01 | 10.11.22

                       

Украина Мудофаа вазирлиги вакили Ўзбекистонни Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беришда айблади

Вадим Скибицкий, шунингдек, Қозоғистон ҳам бу борада Россияга ёрдам бераётганини таъкидлади

Россия нафақат Эрон, балки Хитой ва Шимолий Кореяга ҳам Украинага қарши уруш олиб боришда ёрдам сўраган. Бундан ташқари, Қозоғистон ва Ўзбекистон ушбу мамлакатга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бермоқда, дея хабар бермоқда Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси вакили Вадим Скибицкий La Repubblica нашрига берган интервьюсида.

«Улар, шунингдек, Хитой ва Шимолий Кореяга, эҳтимол Қирғизистонга қурол-яроғ, хусусан, бир нечта ракета тизими учун тўплар — ‘Смерч’ ва ‘Ураган’ етказиб бериш учун мурожаат қилишган. Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар Россияга ракеталарни яратиш учун зарур бўлган Америка ва Япония фуқаролик компонентларини сотиш учун санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беради.», — деди у.

Унинг таъкидлашича, Россия ҳарбий парадларда намойиш этадиган ўта замонавий қуролларга эга эмас. Скибицкийнинг сўзларига кўра, бу шунчаки саҳналаштирилган. Москва ўзи юқори технологияли қуролларни ишлаб чиқара олмайди, шунинг учун у бошқа мамлакатларга мурожаат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Sky News телеканали хабарига кўра, Россия Украинага зарба беришда фойдаланаётган учувчисиз учоқлар эвазига Украинада қўлга киритилган Ғарб қуроллари намуналарини ва нақд пулларни Эронга берган.

Бундан ташқари, Россия Эрон билан 300 ва 700 километр масофага учувчи ҳужумчи учувчисиз самолётлар ва баллистик ракеталарни етказиб бериш бўйича келишиб олди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: