16:51 | 10.11.23

                       

UNFF билан Yashil makon миллий лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилишга эришилди

Орол денгизининг қуриган тубида деярли икки миллион гектар майдонда саксовулзорлар бунёд этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов БМТ Бош котиби ёрдамчиси, ташкилотнинг ўрмонлар ва кўкаламзорлаштириш бўйича форуми (UNFF) котибияти директори Жулиетте Биао билан учрашди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, БМТнинг ўрмонлар ва кўкаламзорлаштириш бўйича форуми 2000 йилда ташкилотнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши томонидан ташкил этилган. Мақсад барча турдаги ўрмонларни бошқариш, сақлаш ва барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда узоқ муддатли сиёсий мажбуриятларни мустаҳкамлашдир.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати

Учрашувда UNFF билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилган. Хусусан, UNFF котибияти раҳбарига Ўзбекистонда Yashil makon умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган дарахт экиш, Орол денгизининг қуриган тубида деярли икки миллион гектар майдонда саксовулзорлар бунёд этиш ишлари ҳақида маълумот берилган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати

Учрашув доирасида UNFF котибияти билан Ўзбекистонда ўрмонзорлаштириш ишларига илмий ёндашувни ривожлантиришда, «ақлли» қишлоқ хўжалигини татбиқ этиш ҳамда ўрмонларни барқарор бошқаришда БМТнинг ўрмонлар ва кўкаламзорлаштириш бўйича форуми кўмагини жалб қилишга келишиб олинган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, томонлар Yashil makon умуммиллий лойиҳасини амалга оширида ҳамкорлик қилиш, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида юқори малакали экспертлар маърузаларини ташкил этиш, шу билан бирга, Ўрмон хўжалиги соҳасидаги мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш мақсадида тренинг ва семинарлар ўтказиш борасида келишувга эриган.

Шунингдек, ўзаро манфаатли алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинган.

Қайд этилишича, БМТ Бош котиби ёрдамчиси Жулиетте Биао хоним Ўзбекистонда экология ва ўрмон хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишларда UNFF’нинг фаол иштирок этишидан манфаатдор эканлигини билдирган. БМТнинг ўрмонлар ва кўкаламзорлаштириш бўйича форуми (UNFF) котибияти директори ташкилот нафақат ўрмон хўжалиги ва боғдорчилик соҳасини ривожлантиришга ёрдам беришга, балки Экология вазирлиги мутахассисларини малака ошириш учун қабул қилишга ҳам тайёр эканлигини таъкидлаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: