16:00 | 05.10.23

                       

Uzum халқаро фондлар билан биргаликда Ўзбекистон иқтисодиётига 300 млн доллар инвестиция киритади

Шунингдек, Uzum Market 2024 йилда мамлакатдаги энг йирик логистика марказини ишга туширишни режалаштирмоқда.

Uzum турли мамлакатларнинг халқаро инвестиция фондлари билан биргаликда Ўзбекистон фуқаролари ва тадбиркорлари учун электрон савдо, ўз логистика инфратузилмаси, рақамли банк ва молиявий сервисларини ривожлантириш учун қарийб 300 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Uzum

Қайд этилишича, Uzum гуруҳи холдинг тузилмасини шакллантириш билан боғлиқ барча расмий тартиб-таомилларнинг якунланиши инвестиция раундини жалб этиш ва халқаро инвесторлар билан ҳамкорлик қилишнинг техник жараёнини бошлайди. Бунда гуруҳ тасдиқланган ривожланиш стратегияси доирасида жалб қилинган маблағларни унга киритилган барча вертикалларни мустаҳкамлаш ва янги бизнес-юнитларини яратишга йўналтиради.

Узум мамлакатнинг миллионлаб аҳолиси учун IT-маҳсулотларни бирлаштирган миллий рақамли платформани яратмоқда. Мавжуд йўналишлардан ташқари, экотизим классифайд-сервисларни, шунингдек, тадбиркорлар учун янги маҳсулотларни, шу жумладан, уларни финтех ва сўнгги мил логистика йўналишларида ишга туширишни режалаштирмоқда.

Шундай қилиб, миллий рақамли платформа истеъмолчилар ва бизнес учун муҳим бўлган барча соҳаларда сервисларни бирлаштиради, мамлакат барча ҳудудларининг аҳолисига, уларнинг катталиги ва пойтахтдан узоқлигидан қатъи назар, энг замонавий IT-ечимларидан тенг фойдаланиш имкониятини беради. Экотизимнинг ривожланиши мамлакатда кичик ва ўрта бизнеснинг ўсишига ёрдам беради. Шунингдек, рақамли банк сервисларнинг кириб боришини оширади, бу эса ўз навбатида иқтисодиётдаги нақд ҳисоб-китоблар улушининг пасайиши ва аҳолининг молиявий саводхонлиги даражасининг ошишини англатади.

«Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг жадал ривожланаётган иқтисодиёти, ёш аҳолининг юқори улуши ва интернет фойдаланувчилари сонининг фаол ўсиши, шунингдек, онлайн савдо ва финтехнинг ажойиб ривожланиш суръатлари билан жаҳон инвесторлари нуқтаи назаридан энг истиқболли мамлакатлардан бири ҳисобланади. Давлат томонидан қўллаб-қувватланиш ва меъёрий-ҳуқуқий базанинг ривожланиши туфайли мамлакатда рақамли иқтисодиёт ва хусусан e-commerce ўсиши учун ноёб муҳит яратилди. Uzum инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун инвестор сифатида иштирок этишга тайёр бўлган бир қанча инвестиция фондлари билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз.

Биринчи даражали халқаро венчур инвесторлар ва молия институтларидан хорижий инвестицияларни жалб қилиш бизга ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва бутун мамлакат бўйлаб ҳам Uzum, ҳам кичик ва ўрта бизнес доирасида минглаб иш ўринларини яратиш имконини беради. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, аҳоли даромадларининг кўтарилишига ва барқарор иқтисодий ўсишга ҳисса қўшмоқда – шу тариқа биз Президентимиз томонидан ‘Ўзбекистон 2030’ стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Uzum ҳақли равишда Ўзбекистондаги биринчи технологик яккашох деб аталса бўлади ва у туфайли мамлакатимиз дунёнинг етакчи технологик компаниялари харитасида пайдо бўлди», дейди Uzum асосчиси ва бош директори Жасур Жумаев.

KPMG маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида e-commerce ўсиш суръати бўйича етакчи ҳисобланади – келгуси 5 йил ичида саноат 7 баравар ўсади, бозор ҳажми эса 1,8 миллиард долларга етиши мумкин. Шундай қилиб, «Рақамли Ўзбекистон 2030» стратегиясига кўра, мамлакат иқтисодиётининг фаол трансформацияси келгуси йиллар давомида рўй беради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: