11:17 | 22.03.23

                       

Варшава—Тошкент—Варшава йўналиши бўйича илк парвоз амалга оширилди

Полшанинг LOT Polish Airlines авиакомпанияси Ўзбекистонга учишни бошлади

Полшанинг LOT Polish Airlines авиакомпанияси 21 март куни Тошкентга биринчи парвозини амалга оширди.

Фото: Маданият ва туризм вазирлиги

Тошкент халқаро аэропортида Варшава—Тошкент—Варшава йўналиши бўйича илк рейс экипаж аъзолари ва йўловчилар кутиб олинди. Маросимда Маданият ва туризм вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Uzbekistan Airports компанияси вакиллари, Полшанинг Ўзбекистондаги элчиси, шунингдек, Flyin’up вакиллари иштирок этган. Flyin’up компанияси раҳбарияти гуллар билан кутиб олинган.

«Президентининг 2022 йилда Полшага ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида икки давлат ўртасида авиақатновларни йўлга қўйиш борасида қатор ишлар олиб борилди. 21 март куни LOT Polish Airlines авиакомпаниясининг дастлабки парвози амалга оширилди. Июн ойининг ўрталарига қадар ҳар 10 кунда бир марта чартер рейслар мунтазам амалга оширилади. Кейинчалик эса йўловчи ҳажми ошиб боришига қараб ҳафтада камида икки мартадан мунтазам рейслар йўлга қўйилиши режалаштирилган. Ҳозирча фақат Полшанинг LOT Polish Airlines авиакомпанияси томонидан парвозлар амалга оширилаётган бўлса, келгусида Ўзбекистон томонидан ҳам авиакомпаниялар қўйилиши режалаштирилган», — дейди Транспорт вазирлиги ҳаво транспорти департаменти бошлиғи ўринбосари Жамолиддин Назаров.

Фото: Маданият ва туризм вазирлиги

Маълумот ўрнида, LOT Polish Airlines авиакомпанияси 1929 йил 1 январда ташкил топган бўлиб, 31 мамлакатнинг 49 шаҳрига мунтазам рейсларни амалга оширади.  Авиакомпания дунёдаги энг қадимги, энг йирик вакиллик авиация алянси — Star Alliance аъзоси ҳисобланади. Компания штаб-квартираси Варшавада жойлашган.

Фото: Маданият ва туризм вазирлиги

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: