21:08 | 15.08.23

                       

Велосипедда Туркиянинг узоқ масофали йўлларини кашф этинг

Туркиянинг қадимий шаҳарлари, қишлоқлари ва манзарали боғлари бўйлаб велосипедда сайр қилиш унутилмас ҳиссиёт ва хотиралар бахш этади.

Туркиядаги қисқа ва узоқ масофали велосипед маршрутлари мамлакатнинг табиий гўзалликлари, тарихи, санъати, маданияти, таомлари ва ҳунармандчилигидан баҳраманд бўлишни истаганлар учун қулай имконият ҳисобланади. Туркиянинг қадимий шаҳарлари, қишлоқлари ва манзарали боғлари бўйлаб велосипедда сайр қилиш унутилмас ҳиссиёт ва хотиралар бахш этади.

Фото: Туркия Туризм агентлиги

Саёҳат қулай ўтиши учун миллий ва халқаро эко-ёрлиқли меҳмонхоналар ва ётоқхоналар мавжуд. Қуйида, Туркиянинг узоқ масофали велосипедда ўтиш мумкин бўлган йўлларини кўриб чиқамиз.

EuroVelo 8: Бергамадан Эфесгача бўлган «ЮНEСКО маршрути»

UNESCO’нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Бергама қадимий шаҳридаги ушбу маршрут, Измирнинг Қушлар жаннати, Каршияка, Алсанжак, Сефериҳисар, Сигажик, Урла ва Алачати каби гўзал жойларидан ўтади ва UNESCO’нинг Жаҳон мероси рўйхатидаги яна бир қадимий шаҳар бўлган Эфес қадимий шаҳрида тугайди.

Фото: Туркия Туризм агентлиги

Ушбу 500 километрлик узоқ масофада сиз кўплаб қишлоқлар ва дам олиш масканларида тўхташингиз, Гедиз делтасидан ўтаётганда фламинголарни кузатишингиз ва шаҳар марказидан ўтувчи велосипед йўлагидан туриб, Эгей денгизининг гўзал манзараларидан баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Эдирнедан Истанбулга «Тракия йўли»

Саёҳатингизни табиий гўзалликлари, мазали таомлари, узумзорлари ва самимий инсонлари билан эътиборни тортадиган Тракиядан бошлашингиз мумкин. Усмонли империясининг иккинчи пойтахти бўлган ушбу шаҳар меҳмонхоналар, ҳаммомлар, кўприклар ва саройлар каби тарихий иншоотларга эга.

Фото: Туркия Туризм агентлиги

Мимар (aрхитектор, меъмор) Синан томонидан қурилган ва 2011 йилда UNESCO’нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Селимие масжиди шаҳарнинг диққатга сазовор жойларидан бири ҳисобланади. Эдирнедан кейин саёҳатни ям-яшил ўрмон йўллари орқали Киркларелигача давом этишингиз мумкин. Мазкур йўналиш сизни Истанбулга олиб боради ва маршрут ниҳоясига етади.

Истанбулдан Кайсерига «Онадўли йўли»

«Дунёнинг чорраҳаси» саналмиш Истанбулдан, Онадўлининг қалби томон саёҳат қилинг. Истанбулнинг Европа томонидан паром сизни Босфорнинг гўзал манзараси билан Онадўлига олиб боради. Истанбул билан хайрлашар экансиз, сизларни Кожаэли, Сакария ва Эскишеҳирлар бирин-кетин кутиб олади. Эскишеҳирнинг тарихий Одунпазари тумани турли маданий бойликлари ва музейлари билан диққатни тортади.

Фото: Туркия Туризм агентлиги

Туман марказининг ўзига хос анъанавий уйлари, тор кўчалари, масжидлари, чашмалари ва кичик майдонлари 2012 йилда Туркиянинг UNESCO Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Дунёнинг энг қизиқарли географик минтақаларидан бири бўлган табиий мўъжиза — Кападокия, сизни Невшеҳирда кутиб олади. Бутун минтақа бўйлаб ўзига хос Пари мўриларини кузатишингиз ва бу ғаройиботлардан тўлақонли завқ олиш учун энг мақбул йўл ҳаво шарларидир.

Анталиядан Мерсинга «Ўрта Ер денгизи йўли»

Тарих билан йўғрилган, ёқимли иқлим шароитига эга, табиий гўзаллиги билан барчани мафтун қилувчи йўналиш. Бу узоқ масофали маршрут Анталиянинг машҳур Калеичи Яхта бандаргоҳидан бошланиб, Памфилиянинг энг асосий порт шаҳри Сиде кўҳна шаҳригача давом этади.

Фото: Туркия Туризм агентлиги

Аланиядан 500 километр йўл босиб ўтгач, Ўрта Ер денгизи қирғоғи сизни мовий денгизи ва табиий қумли соҳиллари билан кутиб олади. Соҳил бўйлаб велосипедда саёҳат қилиб, Ўрта Ер денгизининг севимли порт шаҳарларидан бири бўлган Мерсин шаҳрига бориб, тантуни (қўзичоқ ёки мол гўштидан тайёрланган лаваш ўрами) дан татиб кўришингизни тавсия этамиз.

Фото: Туркия Туризм агентлиги
Фото: Туркия Туризм агентлиги
Фото: Туркия Туризм агентлиги
Фото: Туркия Туризм агентлиги
Фото: Туркия Туризм агентлиги
Фото: Туркия Туризм агентлиги
Фото: Туркия Туризм агентлиги

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: