19:53 | 03.06.24

                       

Вилоятликларни ҳақорат қилган қизга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Вилоятликларни ҳақорат қилган қизга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Суд мажлисида у айбига иқрор бўлган.

Вилоятликларни ҳақорат қилган қиз ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Bugun.uz манбалари қизга 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганини маълум қилди.

Хабар берилишича, Р.Н. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, 2024 йил 2 июнь куни Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Сеул кўчасида жойлашган «Seoul Mun» сайилгоҳида бўла туриб, ўзининг Instagram ижтимоий тармоғига «вилоятликлар» ҳақида турли хил ҳақоратли гаплар гапиргани ҳақидаги видео мурожаатини «stories» жойлаштириб, майда безорилик ҳаракатларини содир қилган.

Ҳуқуқбузар Р.Н. суд мажлисида, у юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатдаги ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрорлигини билдирган. Унинг кўрсататмаларига кўра, айбланувчи Р.Н. дугонаси билан 2024 йил 2 июнь куни «Seoul Mun» сайилгоҳига борган, у ерда одам кўп бўлгани сабаб, сайр қилиша олмаган. Шу сабабли, сув бўйига тушишмоқчи бўлган. Қизлар эскалаторда тушишаётганида, уларга икки нафар ўғил боллар ёқимсиз қилиқлар қилган. Ушбу боллар вилоятлик эканлиги кўрингани, улар уни жахлини чиқаргани учун, уларга жавоб қайтариш мақсадида ўзига тегишли бўлган Instagram саҳифасига Р.Н. болаларга тегиштириб, вилоятликлар хақида ёмон гаплар гапириб видеони жойлаштирган. Судланувчи судда мазкур видеони ким тарқатганини у билмаслигини, одатда уни Instagram саҳифасидаги «stories»ларни 300-350 та одам кўришини, ушбу видео эса 11.000 нафар одам кўрганини, ҳозирда содир этган қилмишидан пушаймонлигини, бундан кейин бу каби ҳаракатларни содир этмаслигини билдириб, суддан уни кечириб, унга нисбатан енгиллик беришини сўради.

Суд хулосасига кўра, Р.Н. Мажбурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-модда (Майда безорилик) билан маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилди ва унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: