21:57 | 03.06.24

                       

Вилоятликларни уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилган қиз кечирим сўради

Вилоятликларни уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилган қиз кечирим сўради. У тугилган кунини қамоқхонада нишонлайди.

Вилоятликларни ҳақорат қилган қизга маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани айтилганди. Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Хабар берилишича, Р.Н. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, 2024 йил 2 июнь куни Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Сеул кўчасида жойлашган «Seoul Mun» сайилгоҳида бўла туриб, ўзининг Instagram ижтимоий тармоғига «вилоятликлар» ҳақида турли хил ҳақоратли гаплар гапиргани ҳақидаги видео мурожаатини «stories» жойлаштириб, майда безорилик ҳаракатларини содир қилган.

«Танишим билан айлангани чиққан эдик. Лакамативга бордик. У ерда одам жудаям кўп бўлгани сабабли, «Seoul Mun»га келган эдик. Одам кўп бўлиб, тирбандлик бўлгани сабабли, жаҳлим чиқиб, жаҳл устида гапириб юбордим. Бизда одам кўп деб ортиқча гапириб қўйдим ва буни Instagram’га қўйдим», — деди айбланувчи қиз.

Орадан кўп вақт ўтмай, судланувчи Райҳон исмли қиз Instagram орқали яна чиқиш қилиб, ўз айбидан афсусланмаслигини маълум қилган. Бу ҳолат эса тармоқ фойдаланувчилари орасида норозичиликнинг янада ортишига сабаб бўлди.

«Танишим ижтимоий тармоқларда видеоларим тарқалиб кетгани ҳақида хабар берди. Жонли эфир қилдим. Эфирда одамлар киришни бошлади. Жаҳл устида, ўша пайт узр сўрамадим. Чунки, негатив ёзишгани учун жаҳлим чиқди яна», — дейди қиз.

Келиб тушган кўплаб мурожаатлардан сўнг, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан фуқаро қилган хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши учун Яккасарой тумани Ички ишлари органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига чақиртирилан. Ҳолат юзасидан Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

«Бошқа бунда иш қилмайман. Мен унақа вилоятликларни гапириб, ажратмайман. Одам кўплиги учун жаҳлим чиқиб гапирганман ҳақоратли сўзларни. Ҳаммадан кечирим сўрайман» — деди йиғлаб айбланувчи.

Суд Яккасарой туман судида кўриб чиқилган. Ҳуқуқбузарга нисбатан суд раиси томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Маълумот учун, айбланувчи Р.Н. 2003 йил 17 июнь куни туғилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: