18:25 | 10.09.23

                       

«Ягона халифалик давлати» қуриш ниятида хорижга чиқиб кетган ўзбекистонлик эркак ва унинг ўғли қидирувга берилди

2018 йилда улар халқаро террорчилик ташкилоти — «Тавҳид ва жиҳод катибаси»га аъзо бўлган.

«Ягона халифалик давлати» қуриш ниятида хорижга чиқиб кетган ўзбекистонлик эркак ва унинг ўғли қидирувга берилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2006 йилда 57 ёшли эркак Т.М. Тошкентдаги шериклари билан бирга ваҳҳобийлик диний экстремистик оқимига аъзо бўлган. Улар  жамоат йиғилишлари ташкил этиб, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган адабиётлардан таълим олган ҳамда Ер юзида ягона халифалик давлати барпо этиш мақсадида даъватлар қилиб келгани аниқланган.

2007 йилда ноқонуний жамоат ташкилоти фаолиятига чек қўйилганидан сўнг, эркак жиноий жавобгарликка тортилишдан қўрқиб, 1992 йилда туғилган ўғли О.Ҳ. билан Туркияга чиқиб кетган. 2015 йилга келиб у ўғли билан бирга Сурияга бориб, «Ислом давлати» халқаро террорчилик ташкилоти сафларига қўшилган. 2018 йилда улар бошқа халқаро террорчилик ташкилоти — «Тавҳид ва жиҳод катибаси»га аъзо бўлган.

Ота-ўғилга нисбатан Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирувга берилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: