13:59 | 28.03.23 285

Янги таҳрирдаги Конституция: ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқидан фойдаланиш учун тенг шароитлар яратилади

Киритилаётган янги қоидага кўра, «Давлат интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади»

Ахборот олиш ҳуқуқи, аҳоли учун бу соҳада яратилган имкониятлар билан боғлиқ масалалар ҳамма даврда ҳам муҳим бўлган, лекин замонавий ахборот технологиялари шиддат билан ривожланган ҳозирги вақтда бу масала янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Давлатларнинг халқаро майдонда муносиб ўринга эга бўлиши, жаҳон иқтисодиётида рақобатбардошлиги замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан қанчалик самарали фойдаланишга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу масалага етарли эътибор бермаслик мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятига, аҳолининг турмуш фаровонлигига салбий таъсир кўрсатади. Айрим ривожланган ва ривожланаётган давлатлар ўртасида кузатилаётган тафовутлар шунга мисол бўла олади.

Шу сабабли БМТнинг бир қатор ҳужжатларида, масалан, Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2011 йил 16 майдаги доклади, 2016 йил 5 июлдаги резолюцияларида интернетдан фойдаланиш имконияти асосий инсон ҳуқуқларидан бири экани таъкидланган. 2022 йил апрелида АҚШ, Европа иттифоқига аъзо давлатлар ва бошқа 32 мамлакатлар томонидан қабул қилинган «Интернет келажаги Декларацияси»да замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, Интернетнинг «очиқ, ишончли ва хавфсиз»лигини таъминлаш масалаларга катта эътибор қаратилган.

Алоҳида давлат мисолида ҳам шундай ҳолатларни кузатиш мумкин. Ахборот соҳасидаги ўзгаришлар меҳнат муносабатларига катта таъсир кўрсатди, меҳнат бозоридаги рақобат кучайиб, иш берувчиларнинг ходимларга нисбатан талаблари ошиб бормоқда. Инсонларнинг, айниқса ёшларнинг ахборот олиш, замонавий ахборот технологиялардан эркин фойдаланиш масаласи уларнинг ҳаёт тарзини белгилайдиган, уларнинг турмуш фаровонлигига бевосита таъсир қиладиган омилга айланди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳолига ахборот хизматларини кўрсатиш соҳасида рақобатли муҳит шаклланган. Бироқ мобил алоқа ва интернет операторлари учун аҳолиси кам ва чекка ҳудудларда ўз хизматларини кенгайтириш тижорат нуқтаи назаридан нисбатан кам жозибалидир. Натижада турли ҳудудлар, шаҳарлар, йирик аҳоли пунктлари ва чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли ўртасида сезиларли тафовут юзага келиши мумкин. Бу эса таълим, давлат хизматлари кўрсатиш, бизнес ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ахборотлашаётган шароитда аҳолининг мулкий жиҳатдан табақаланишига яна бир сабаб бўлиб қолиши мумкин.

Шу сабабли ҳам интернет тармоғидан фойдаланиш учун жамиятнинг барча аъзоларига тенг шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш давлат ахборот сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатда замонавий ахборот технологияларини ривожлантириш, ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини кучайтириш йўналишида улкан ишлар амалга оширилди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасида ҳам ҳар кимнинг фикр ва сўз эркинлиги,  ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Киритилаётган янги қоидага кўра, «Давлат интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади».

Айни пайтда мазкур ҳуқуқларни чеклаши мумкин бўлган ҳолатлар аниқ белгилаб қўйилган. Бундай чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек, давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.

Бу нормалар «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пактнинг 3-бандида белгиланган қоидаларга айнан мос: «… назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш алоҳида мажбуриятлар ва алоҳида масъулият юклайди. Бу тарзда фойдаланиш айрим чеклашлар билан боғлиқ бўлиши мумкин, лекин бу чеклашлар қонун билан белгиланиши ва қуйидагилар учун зарур бўлиши лозим:

  • бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва обрў-эътиборини ҳурмат қилиш учун;
  • давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ёки маънавиятини муҳофаза этиш учун».

Албатта, ахборот излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳар кимнинг зиммасига алоҳида мажбурият ва масъулият юклайди.

Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган мазкур нормалар ҳар кимнинг сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш билан бир қаторда бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, жамият манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Анвар Эминов,

журналист


Тошкент халқаро аэропортида катта қурилиш ва реконструкция ишлари бошланди

Тошкент халқаро аэропортида катта қурилиш ва реконструкция ишлари бошланди

19:08 | 09.12.23 76
Бирлашган Араб Амирлигида «Иқлим ўзгариши: илм-фан сиёсати» сессияси ўтказилди

Бирлашган Араб Амирлигида «Иқлим ўзгариши: илм-фан сиёсати» сессияси ўтказилди

17:11 | 09.12.23 352
Андижонда давлатни 2,4 млрд сўмга «туширган» майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди

Андижонда давлатни 2,4 млрд сўмга «туширган» майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди

16:42 | 09.12.23 376
БМТ Тараққиёт дастури томонидан дунёнинг 30 та давлатида Миллий мослашув режалари ишлаб чиқилади

БМТ Тараққиёт дастури томонидан дунёнинг 30 та давлатида Миллий мослашув режалари ишлаб чиқилади

16:15 | 09.12.23 201
Путин президентлик сайловларида иштирок этишини маълум қилди

Путин президентлик сайловларида иштирок этишини маълум қилди

15:30 | 09.12.23 430
Жаҳон банки Ўзбекистонга 800 млн долларлик молиявий ёрдам беришга рози бўлди

Жаҳон банки Ўзбекистонга 800 млн долларлик молиявий ёрдам беришга рози бўлди

14:40 | 09.12.23 311