17:25 | 05.02.24
Давлат экология экспертизасининг ижобий хулосасисиз лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланган бўлиб, ушбу жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш мақсадида eco-service.uz ахборот тизими ишлаб чиқилган ва такомиллаштирилмоқда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тизимидаги «Давлат экологик экспертизаси маркази» Ўзбекистон Республикасининг «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сон Қарорига мувофиқ режалаштирилаётган ва амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа турдаги фаолият турларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш фаолияти билан шуғулланади.
«Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасида барча турдаги қурилишлар учун ер участкаларини ажратиш материаллари Давлат экологик экспертизаси объектлари эканлиги келтирилган ҳамда Қонуннинг 13-моддасида ушбу қонуннинг 11-моддасида кўрсатиб ўтилган объектларни Давлат экологик экспертизасидан ўтказишнинг мажбурийлиги белгиланган.
Шу билан бирга, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддасига мувофиқ Давлат экология экспертизасининг ижобий хулосасисиз лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланган. Мазкур жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш мақсадида эса eco-service.uz ахборот тизими ишлаб чиқилган ва такомиллаштирилмоқда.
2024 йилнинг 1 февралидан бошлаб eco-service.uz яратилади. Янгича ёндашув тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнидан бошлаб фаолият турига мувофиқ экологик баҳолаш ва меъёрлаш талаблари ҳақида хабардор қилиш, фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектларнинг экологик меъёрий ҳужжатлари билан қамров даражасини кескин оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, шаффоф ва қулай тизим яратиш, тизимда қамров даражасини кескин ошириш ҳамда тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектларга қулайлик яратишни таъминлайди. Республика бўйича тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектларга умумий огоҳлантириш хати ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилларида тизимнинг веб-саҳифасида жойлаштирилиб, ҳаволаси субъектларга СМС хабарнома шаклида юборилади ва огоҳлантириш хатини очиб ўқиган ҳар бир субъект белгилаб борилади.
Огоҳлантириш хатининг ўзида барча меъёрий ҳужжатлар билан танишиш ҳамда telegram бот ёки веб-сайт орқали ариза бериш имконияти яратилган бўлиб, ариза бериш учун рўйхатдан ўтиш ёки электрон рақамли имзодан фойдаланиш талаб этилмайди. Тайёр бўлган электрон ариза бир марталик СМС код билан тасдиқланади.
Тадбиркорлик субъектлари учун лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва топшириш билан боғлиқ харажатлар олдингидан 10 мартага — 340 000 минг сўмдан 34 000 минг сўмга арзонлашади ҳамда 5 иш кунидан 1 иш кунига қисқарди, яъни 5 мартагача тезлашади. Давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш тўғрисида огоҳлантирилгандан кейин ҳам хулоса олмаган ёки хулосанинг амал қилиш муддати ўтган тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектлар тўғрисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳудудий инспекторларнинг планшетлари орқали автоматик тарзда хабарнома бериш йўлга қўйилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялари вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги маълумотлар базасидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Қолаверса, жараёнлар тўлиқ рақамлашиши ҳисобидан иш сифати ва самарадорлиги кескин ошиб, тизимнинг мониторинг юритиш ва статистик таҳлилларни тайёрлаш жараёни автоматлашади. Ярим автоматлаштирилган тартибда тайёрланаётган лойиҳа ҳужжатлари ҳамда тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ошади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: