22:17 | 20.02.24
Янгиобод тумани ҳокимининг ўринбосари ва унинг шериги тадбиркорнинг ишончига кириб, унга 200 гектар ер олиб беришни ваъда қилган ва бунинг учун олдиндан 100 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинган. Судда уларга нисбатан ҳукм ўқилди.
Жиззах вилояти Янгиобод тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Қ.Р. ва унинг жиноий шериги Қ.М.га нисбатан ҳукм эълон қилинди, улар бир неча йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
2023 йилнинг май ойида Жиззах вилоятидаги қурилиш фирмаси раҳбари бўлиб ишловчи фуқаро Қ.М. Янгиобод тумани ҳокимининг в.б. ўринбосари бўлган Қ.Р. билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, «Ангрен Машъал Сервис» МЧЖ раҳбари У.Т.га Президентнинг тегишли қарорига асосан, шамол электр станциялари қуриш учун 200 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ер тоифасини саноат зонасига ўтказиб, ушбу ер майдонларини унга олиб беришни ваъда қилган.
Шу билан биргаликда, тадбиркорни келгусида ушбу ер майдонига инвестиция киритиб, шамол электр станцияларини қуриши ва келгусида инвестор топиб, яхшигина даромад олиши мумкинлигини айтиб, ишончига кирган. 2023 йил 8 июнь куни эса Қ.М. ва Қ.Р. тадбиркор У.Т.нинг тўлиқ ишончига кириш мақсадида Қ.Р.нинг қўл остидаги ходимлар орқали шамол электр станциялари қуриш учун ажратилиши лозим бўлган 200 гектар ер майдонини кўрсатган ва Янгиобод тумани ҳамда Жиззах вилоят ҳокимлигидаги танишларини ишга солиб, аукцион савдо орқали ушбу ер майдонини У.Т.га олиб беришини айтган. Эвазига эса ундан 200 минг доллар талаб қилган.
2023 йилнинг 18 июнь куни Қ.М. келишилган сумманинг ярми, яъни 100 минг долларни Жиззах шаҳрида жойлашган ресторанларнинг бирида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, жиноятни тўлиқ фош этиш мақсадида, дастлабки кўрсатмалар ҳамда мавжуд далилларга асосланиб, унинг Янгиобод тумани ҳокимлигида масъул лавозимда ишловчи таниши ҳам қўлга олинади ва шу тариқа шерикларнинг қинғир режаси охирига етмай қолади. Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман суди ушбу шахсларнинг қилмиши бўйича ҳукм эълон қилди.
Суд мазкур жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиб, Қ. М.га (ЖКнинг 25,168 моддаси 4-қисми, 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан ЖКнинг 57, 59,61-моддаларига асосан) базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари (132 миллион сўм) миқдорида жарима ва 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиши жазоси, Қ.Р.га эса (ЖКнинг 25,168 моддаси 4-қисми, 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан 45, 59,61-моддаларига асосан, 3 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона-муассасалардаги мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда) базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари (132 миллион сўм) миқдорида жарима ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиши жазосини тайинлади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: