17:47 | 22.11.23

                       

Ўзбекистон банкларининг биридан қарийб 57 млрд сўм ўғирланган

Bugun.uz воқеа қандай содир бўлгани ва «Аср ўғрилигининг» якуни нима билан тугагани ҳақида мақола тайёрлади.

2023 йилнинг апрел ойида Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири ҳисобланган Infinbank’дан 57 миллиард 440 минг (бу салкам беш миллион АҚШ долларига тенг дегани) сўм ўғирланган. Таҳририятга келиб тушган маълумотларга кўра, ҳозирда ИИВ ушбу ўғриликнинг тафсилотларини ўрганмоқда.

Фото: Bugun.uz

Банк тизимини бузиб кирган ҳакерлар жуда пухта тайёрланган. Уларнинг режаси бўйича банкдан ечилган пуллар аввал 500 дан ортиқ банк карталарига ўтказилган, ундан сўнг эса бир нечта криптовалюта ҳисобларига ўтказилган.

Bugun.uz’даги мавжуд маълумотларга кўра, ҳакерлар пул ўғирлашдан аввал «Капиталбанк», «Микрокредитбанк», НБУ ҳамда «Ипотека банк»ларининг банк карталарини сохта маълумотлар асосида расмийлаштириб, пулларни ўша карталар ёрдамида чиқарган.

Ҳакерлар Infinbank’даги ҳисоб рақамларига кириш учун «Ўзбегим» тўлов тизимини бузиб киришган, у ерда рўйхатдан ўтган аккаунтларни тўлиқ назоратга олишган. Шундан сўнг, пулларни тизимдан чиқариб олиш учун 16 та ҳар хил ҳисоб рақамларига ўтказишга эришилган. Кейин, эҳтимол, ўз изларини яшириш, балки терговни қийинлаштириш мақсадида ҳар хил исмга очилган 500 та банк картасига пул ўтказилган. Ҳакерлар «ухлатилган» пулларга йирик миқдорда USDT (АҚШ долларининг расмий курсига боғланган) криптовалюталар сотиб олган.

Қизиғи шундаки, банк ўз ҳисоб рақамларидаги пулларнинг бир қисмини блоклаш орқали ўғирланаётган маблағнинг маълум миқдорини сақлаб қолган. ИИВ бу пулларни жиноий иш доирасидаги ашёвий далил сифатида ҳисобга олиб, уларни «музлатиб», Марказий банкдан вазирлик ҳисобига ўтказишни талаб қилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: