13:14 | 07.01.24
Шиша ва пластик идишларни ишлаб чиқарувчи корхона 72 млрд сўм сотиб олиш тўлови билан ғолиб деб топилган.
Давактив агентлиги «Ўзбекистон шампани» АЖ устав капиталидаги 51,48 фоиз давлат акциялар пакетининг савдо натижаларини эълон қилди.
Бунда, Давактив агентлиги томонидан энг мақбул таклифларни танлаб олиш асосида KPMG халқаро компанияси (кейинги ўринларда – Консултант) хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилган.
Консултант томонидан хусусийлаштириш жараёни доирасида ҳам маҳаллий, ҳам халқаро даражада кенг кўламли маркетинг ишлари амалга оширилди, жумладан инвестиция тизерлари консультантнинг инвесторлар тармоғи орқали турли салоҳиятли инвесторларга (investor sounding) юборилган. Натижада инвесторлардан сотиб олиш бўйича қизиқиш тўғрисидаги 5 та аризалар (Express of Interest) келиб тушган.
Талабгорлар хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги ҳамда Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги юзасидан ўрганилган.
Талабгорларнинг 4 таси хусусийлаштириш жараёнининг кейинги босқичи – Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тақдим этиш босқичига таклиф этилган. Ушбу босқичда талабгорлар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланиб, Консультант томонидан тайёрланган Корхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил (due dilligence) ҳисоботлари жойланган виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га кириш имконияти яратилди. Шу билан бирга, барча талабгорларга Корхонанинг бошқарув органи билан учрашувлар ташкил этиш ҳамда Корхона билан танишиш имконияти яратилган.
Келиб тушган таклифлар орасида энг юқори нарх таклифи билдирган, келажакда жамият фаолиятини барқарор ривожланишини таъминлай оладиган ва ишлаб чиқариш жараёнларини тўлиқ давомийлигини шакллантиришга салоҳиятли бўлган «Euro pack» МЧЖ (алкогол маҳсулотлар учун керакли бўлган шиша ва пластик идишларни ишлаб чиқарувчи корхона), «Ўзбекистон шампани» АЖ устав капиталидаги 51,48 фоиз давлат акциялар пакетини сотиб олиш учун қўйилган талабларга тўлиқ жавоб берган ва 72,0 млрд сўм сотиб олиш тўлови билан ғолиб деб топилган.
Корхонани хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
Шунингдек, Харидор сотиб олиш тўловига қўшимча равишда 2024-2025 йилларда Корхонани ривожлантириш учун 18,5 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритади.