12:02 | 18.10.23

                       

Ўзбекистон ТИВ Ғазодаги шифохонага берилган зарбани кескин қоралади

Вазирлик томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Аввалроқ Ғазо секторидаги баптист шифохонасига зарба берилиши оқибатида 800 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Ал-Аҳли» шифохонасига уюштирилган ҳужумни кескин қоралади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон томони ушбу ҳужум оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилгани таъкидланган. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги буни гуманитар ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши, дея баҳолаган.

«Бу даҳшатли зўравонлик ҳаракатини кескин қоралаймиз ва буни халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб ҳисоблаймиз. Вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган ҳолда, можаро томонларини зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ҳамда ўт очишдан тийилишга чақирамиз», дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 октябр куни «Ал-Аҳли» шифохонасига берилган зарба оқибатида 800 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Исроил томони эса ҳужумга алоқадорлигини рад этиб, касалхонага берилган зарба «Исломий жиҳод» гуруҳининг муваффақиятсиз ракета учириши оқибати эканини даъво қилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: