12:52 | 08.11.23

                       

Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида маданий мерос соҳаси бўйича битим имзоланди

Мамлакат Марказий Осиёда АҚШ билан бундай битимни имзолаган биринчи давлат бўлди.

2023 йил 7 ноябр куни Темурийлар тарихи давлат музейида Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида «Ўзбекистоннинг археологик ва этнологик материаллари тоифаларида импорт чекловларини жорий этиш тўғрисидаги Битим»ни имзолаш маросими бўлиб ўтган. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати

Икки томонлама битимни Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник имзолаган.

Фото: Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати

«Ушбу келишув Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида музей ашёлари ва маданий бойликларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш ва қайтариш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади»,- деди Агентлик директори ўз нутқида.

Фото: Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати

Битим «Археологик ва этнологик материалларни талон-торож қилишни олдини олиш ва махсус рўйхатга киритилган объектларни олиб киришга чекловлар»ни белгилайди. Шунингдек, ушбу йўналишда мутахассислар тайёрлаш ва малакасини оширишни таъминлайди ҳамда икки мамлакат ўртасида моддий маданий меросни тарғиб қилишга қаратилган қўшма кўргазмалар ўтказишга замин яратади.

Фото: Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати

«Бугун тарихий кун, чунки Ўзбекистон Марказий Осиёда АҚШ билан маданий бойликлар тўғрисидаги битимни имзолаган биринчи давлат бўлди. Ўзбекистондан ташқари, дунёнинг яна 25 та мамлакати АҚШ билан шу каби шартномалар тузган. Маданий мерос, санъат ва санъат асарларини муҳофаза қилиш осон иш эмас. Шунинг учун ҳам ушбу келишув бугунги кунда жуда муҳим қадамдир. Ўзбекистондаги маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш ва қайта тиклаш учун АҚШ ҳукумати 1 миллион долларни ажратди. Биз Ўзбекистондаги маданий меросни ҳимоя қилиш ва унинг бой тарихини дунёга намойиш этиш борасидаги саъй-ҳаракатларингизга ҳамкорлик қилиш истагидамиз»,- дея қайд этди Жонатан Ҳеник.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: