10:53 | 30.10.23

                       

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлса, автомобиллар нархи пасайиши мумкин

Ўзбекистонда автомобиллар сонида ўсиш кузатилаётганига қарамай, автоуловларнинг нархи Марказий Осиё ва Кавказ давлатларига қараганда қимматлиги қайд этилган.

Марказий банк 2023 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича тайёрлаган «Молиявий барқарорлик шарҳи»да келтирилишича, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши автомашиналар нархлари пасайишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилган.

Фото: Telegram

Қайд этилишича, келгусида мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши натижасида импорт учун божхона тарифларининг қисқариши, шунингдек, Ўзбекистонда қўшимча автоулов ишлаб чиқариш корхоналарининг ташкил этилиши автоулов бозоридаги таклиф ҳажмини ортишига хизмат қилади. Бу эса, ички бозорда автоулов нархларининг пасайишига сабаб бўлиши мумкин.

2023 йил бошига кўра, 2022 йилга нисбатан мамлакатда мавжуд енгил автоуловлар сони 11 фоизга ўсган. 2023 йил биринчи январ ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйича ҳар 1 000 нафар доимий аҳолига 94 та енгил автомобил тўғри келган. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан саккизтага кўп.

Мамлакатда автомобиллар сонида ўсиш тенденциялари кузатилаётганига қарамай, ушбу кўрсаткичнинг Марказий Осиё, Кавказ ва бошқа давлатлар орасида нисбатан паст эканлиги автоуловлар бозорида қондирилмаган талаб миқдорининг юқори эканлигидан далолат берган.

Автоулов нархларининг арзонлашиши натижасида тижорат банклари томонидан автокредитлар ажратишда гаров сифатида қабул қилинган автоуловларнинг бозор қиймати камаяди. Бунда, ажратилган автокредитлар етарлича гаров таъминоти билан таъминланмаслиги юзага келиши мумкин.

Натижада, қарз олувчиларда кредит тўлашдан кўра гаровдан воз кечиш эҳтимоли юқорилаб, тижорат банкларида автокредитлар бўйича муаммоли кредитларнинг улуши ва кредит йўқотишлари ҳажмининг ортиши кузатилади мумкин.

«Молиявий барқарорлик шарҳи»да қайд этишилишича, автоулов бозорида нархларнинг кескин арзонлашиши туфайли жами кредит портфелида автокредитлар улуши юқори бўлган банкларда йирик кредит йўқотишлари юзага келиши мумкин. Жами кредит портфелида автокредитлар улуши юқори бўлган банкларнинг банк тизимида сезиларли аҳамиятга эга эканлиги инобатга олинса, ушбу банкларда юзага келган молиявий қийинчиликлар банк тизими учун қўшимча тизимли хатарларни юзага келтириши мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: