Ўзбекистонда 2023 йилда 20 та кичик ва микро ГЭС қурилади
Кейинги йил эса яна 38 та ана шундай ГЭСлар қуриш режа қилинган.
Президент матбуот котибининг ёзишича, бугун, 31 октябр куни давлат раҳбари гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказган.

Президент унда Андижон вилоятида бу соҳадаги ишлар яхши бошлангани, лекин Фарғона, Сурхондарё, Наманган, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида бу йилги 15 та кичик ва микро ГЭСни қуриш лойиҳаси кечикаётганини кўрсатиб ўтган.

Давлат раҳбари шунингдек, Норин дарёсида каскадлар қуриб, 230 мегаватт қувватларни ишга тушириш ва Намангандаги 450 минг аҳолига етарли электр ишлаб чиқариш имконияти борлигини айтган.

Бундан ташқари, «Ўзбекгидроэнерго»га 6 минг мегаватт қувватларни
ишга тушириш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш ва хусусий шериклик асосида йирик хорижий энергетика компанияларини жалб қилиш вазифаси топширилган. Толдиқсой, Муллалак, Қоронғи-тўғай, Юқори Пском ва Норин йирик ГЭСларини қуриш лойиҳалари доирасида эса техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқишни якунлаш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш вазифаси қўйилган.

Шавкат Мирзиёев йиғилишда Исроил-Фаластин можаросига ҳам тўҳталиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзиёев Тошкентда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ишлари билан танишганди.