10:58 | 08.09.23

                       

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 7 ойи давомида ЙТҲларда қанча одам ҳалок бўлгани очиқланди

ЙТҲларда ҳалок бўлганларнинг 96,7 фоизи хавфсизлик камарини тақмаган.

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 7 ойи давомида содир бўлган 4 772 та йўл-транспорт ҳодисасида 1 115 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан ўтказилган таҳлил ҳисоботида маълум қилинди.

Фото: Bugun.uz

Статистикага кўра, 2023 йилнинг январ-июл ойлари давомида 4 772 та ЙТҲ содир этилган бўлиб, шулардан 2 453 таси ёки 51,4 фоизи ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига эътибор бермаслиги оқибатида келиб чиққан. Шунингдек, автоҳалокатларда 1 115 киши ҳалок бўлган, 4 минг 564 нафари турли даражада тан жароҳатлари олган.

Маълум қилинишича, йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганларнинг 1 078 нафари ёки 96,7 фоизи хавфсизлик камарини тақмаган. Соҳа мутахассисларининг фикрича, агар орқада ўтирган йўловчилар хавфсизлик камарини таққан бўлганида олдинги ўриндиқларда ўтирган йўловчиларнинг кўпчилиги автоҳалокатда омон қолиши мумкин эди. Уларнинг сўзларига кўра, агар орқадаги йўловчилар камар тақмаган бўлса, ЙТҲ вақтида олдинги ўриндиқда ўтирган йўловчининг ҳалок бўлиш эҳтимоли беш баробар ортади.

Шунингдек, биргина Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумотларида айтилишича, 2023 йилнинг ўтган етти ойида пойтахтда 675 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Ҳодиса оқибатида 71 киши ҳалок бўлган, 787 киши турли тан жароҳатлари олган. Бахтсиз ҳодисаларнинг энг кенг тарқалган сабаби тезликни ошириш бўлган – 199 та ҳолат. Ҳайдовчилар томонидан 90 та ҳолатда тақиқловчи светофор ишорасига эътибор бермаслик, маст ҳолатда ҳайдовчилар иштирокида 8 та ЙТҲ содир этилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: