12:10 | 30.12.23

                       

Ўзбекистонда 2024 йил қандай об-ҳаво билан бошланиши эълон қилинди

Синоптиклар январ ойининг биринчи ўн кунлигида қор, ёмғир ёғишини маълум қилди.

2024 йилнинг январ ойи ҳарорат тартиби бўйича меъёрга яқин, баъзи жойларда меъёрдан 1-1,5 даражага юқори бўлади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.

Маълум қилинишича, январ қуруқ ва нисбатан илиқ об-ҳаво билан бошланади. Ойнинг биринчи беш кунлигида Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 1-3 январ кунлари кундузги ҳаво ҳарорати +6…+11 даража илиқ атрофида, 4-5 январ кунлари эса 1-3 январга нисбатан +3…+5 даражага юқори бўлади.

Кейинчалик ойнинг охиригача ҳарорат кечалари 0…+5 даража илиқдан -3…-8 даража совуққача, кундуз кунлари +10…+15 даража илиқдан 0…+5 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда. Ҳарорат кечалари қисқа даврга -10…-13 даража совуққача пасайиши ва кундуз кунлари +16…+18 даража илиққача кўтарилиши мумкин.

Ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчиликлар январ ойининг биринчи ўн кунлиги охирида, шунингдек, иккинчи ва учинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида кутилмоқда.

Умуман олганда, ой учун ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: