19:54 | 30.09.23

                       

Ўзбекистонда 2027 йилга бориб 11 та ИЭС ва 13 та ГЭС ишга туширилади

Энергетика вазирлиги келгуси беш йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистонда 2027 йилга бориб, 15,4 минг мегаватт қувватга эга 24 та электр станция (11 та иссиқлик электр станцияси ва 13 та гидро электр станцияси) ишга туширилади ва натижада, аҳолининг энергияга эҳтиёжи тўлиқ қондирилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газ учун 14 триллион сўмдан ортиқ субсидия берилмоқда. Мазкур рақам жуда катта бўлиб, уни соҳани модернизация қилишга сарфлаш орқали аҳолининг электр энергияси ва табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш мумкин.

Аммо ҳозирги пайтда барча маблағ тизимни модернизация қилиш ўрнига аҳолини субсидиялаш учун ажратилмоқда. Бунинг натижасида эса аномал совуқ ва жазирама иссиқ вақтда аҳолини энергия ресурслари билан тўлақонли таъминлашнинг имкони бўлмаяпти.

Тармоққа бозор механизмларининг жорий этилиши эса вазиятни тубдан ўзгартиради. Аввал субсидия учун ажратилган маблағлар энди тизимни янгилашга ишлатилади.

Қайд этилишича, бугун электр энергияси жами юқори кучланишли 84 та подстанция ва 11,7 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда паст кучланишли 1 минг 789 та подстанция, 274,8 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 94 мингга яқин трансформаторлар орқали етказиб берилмоқда.

Шундан 125 минг километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари, 912 та подстанция ва 33 мингдан ортиқ трансформаторлар 40 йилдан зиёд эксплуатация қилиб келиняпти.

Шунингдек, 2027 йилга бориб, 15,4 минг мегаватт янги ишлаб чиқариш қувватларини ҳамда 24 та электр станциясини (11 та иссиқлик электр станцияси ва 13 та гидроэлектр станцияси) ишга тушириш режалаштирилган. Шунда бу бор эҳтиёжни қондиришга етади.

Ушбу тармоқларни тўлиқ янгилаш ва қуриш мақсадида келгуси 5 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ўта муҳим вазифалар турибди. Булар:

  • 5,8 минг километр магистрал электр узатиш тармоқлари, 36 та подстанция ва жами 1 483,8 мегаватт қувватли энергия сақловчи (батарея) қурилмаларини қуриш (дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунга 1,5 миллиард доллар маблағ талаб этилади);
  • 56,3 минг километр тақсимлаш электр узатиш тармоқлари ҳамда 15,8 мингта трансформатор пунктини янгилаш (бунга 700 миллион доллар талаб этилади).

Аммо буларнинг барчасини амалга ошириш учун маблағ зарур. Янги тарифларга ўтилиши ҳар йили нархни субсидиялашга ажратилаётган катта маблағларни соҳага йўналтириб, мазкур ишларни жадаллаштиришга хизмат қилади.

Албатта, электр энергияси ва газ нархларини шакллантириш механизмларини либераллаштириш вақти аллақачон етиб келган.

Янги тариф тизимига ўтиш, аввало, давлат буджетидан нархни ушлаб туришга йўналтирилаётган 14 триллион сўмдан зиёд субсидия маблағларининг бўшашига олиб келади. Ушбу маблағларни эса 30, 40 йиллар, баъзи жойларда 50 йилдан буён ишлатилиб келинаётган ва эскирган инфратузилмани модернизациялаш ҳамда янгилашга жалб қилиш имкони пайдо бўлади.

Бироқ энергиядан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмас экан, тизим моддий-техника базасини янгилашга қанчалар эътибор қаратилмасин, энергия манбаларини ишлаб чиқариш нечоғли кўпайтирилмасин, ортиб бораётган талабни таъминлаш мушкул вазифа бўлиб қолаверади.

Шу боис нархларни эркинлаштириш сиёсати келгусида энергия сарфи миқдори устидан фуқароларнинг индивидуал назорати кучайишига, лоқайд ва самарасиз фойдаланишга чек қўйишга, тежамкорликка олиб келиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: