20:07 | 13.12.23
30 декабр, шанба қўшимча дам олиш куни этиб белгиланган.
«2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги 2022 йилнинг 23 декабридаги 270-сонли Президент фармонига кўра, 2023 йилнинг 30 декабр, шанба куни ҳафтасига олти кун ишлайдиган ходимлар учун қўшимча дам олиш куни этиб белгиланган. Шу сабабли, ушбу ходимлар йил якунида беш кунлик иш ҳафтасида ишловчилар каби дам олишади.
«2024 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилингач, келгуси йилдаги иш ва дам олиш кунлари маълум бўлади. Ва, ушбу саналар 2023 йилдаги белгиланган саналардан фарқ қилиши ҳам мумкин.
Меҳнат қонунчилигига мувофиқ, январ ойининг илк куни — барча ходимлар учун ишланмайдиган байрам куни ҳисобланади.
Маълумот учун, Президентнинг 270-сонли фармони 2024 йил 1 январдан эътиборан ўз кучини йўқотади.
Эслатиб ўтамиз, «Янги Ўзбекистон» боғида Янги йил композициясини яратиш ишлари бошланган. Шунингдек, аввалроқ Тошкентда бу йил бош арча қаерда ўрнатилиши ҳақида хабар берилганди.