14:29 | 05.11.23

                       

Ўзбекистонда аҳолиси сони 4 миллиондан ошган вилоятлар иккитага етди

Статистика агентлиги мамлакат доимий аҳолиси сони 2023 йилда қанчага ўсганини маълум қилди.

Ўзбекистонда аҳолиси сони 4 миллиондан ошган вилоятлар иккитага етди. Статистика агентлиги тақдим этган маълумотларга кўра, Самарқанддан сўнг Фарғона вилоятида ҳам аҳоли сони 4 миллионлик довондан ошган.

Унга кўра, 2023 йилнинг 1 октябр ҳолатига кўра, мамлакат доимий аҳолисининг умумий сони 36 миллион 599 минг 764 нафарни ташкил этган. Бу миқдор 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўп демакдир. Давлат аҳолиси 2023 йилнинг бошидан бери 574,8 минг нафарга кўпайган. Бу эса йилнинг ҳар бир ойида ўртача 63,9 минг нафар чақалоқ дунёга келишини англатади. Ҳар куни эса доимий аҳоли сони 2,1 минг нафарга кўпаяди. Шундан аҳолининг 18 миллион 176 минг 873 нафарини аёллар , 18 миллион 422 минг 891 нафарини эса эркаклар ташкил этади. Бу мамлакатда аёллар сони эркакларникидан 246 минг 18 нафарга кам демакдир.

Бундан 18,7 миллиондан ортиқ аҳоли шаҳарларда истиқомат қилса, 17,9 миллиони қишлоқларда яшайди.

Ўзбекистон аҳолисининг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти эса қуйидагича:

  • Самарқанд вилояти – 4 миллион 186,1 минг киши;
  • Фарғона вилояти – 4 миллион 40,6 минг киши;
  • Қашқадарё вилояти – 3 миллион 539,6 минг киши;
  • Андижон вилояти – 3 миллион 376,1 минг киши;
  • Наманган вилояти – 3 миллион 49 минг киши;
  • Тошкент вилояти – 3 миллион 36,3 минг киши;
  • Тошкент шаҳри – 3 миллион 20,3 минг киши;
  • Сурхондарё вилояти – 2 миллион 838,7 минг киши;
  • Бухоро вилояти – 2 миллион 34,8 минг киши;
  • Қорақалпоғистон Республикаси – 1 миллион 994,4 минг киши;
  • Хоразм вилояти – 1 миллион 983,7 минг киши;
  • Жиззах вилояти – 1 миллион 499,8 минг киши;
  • Навоий вилояти – 1 миллион 70,5 минг киши;
  • Сирдарё вилояти – 909,7 минг киши;

Мамлакатнинг барча ҳудудлари ичида Тошкент шаҳри аҳоли энг зич яшайдиган ҳудуд ҳисобланади. Пойтахтнинг ҳар бир километр/квадрат ҳудудида 6 минг 742,2 киши яшайди. Навоий вилоятида эса бу кўрсаткич энг кам – 9,6 нафарга тенг ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри аҳолиси сони 3 миллиондан ошгани маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: