14:03 | 28.08.23

                       

Ўзбекистонда ҳафта давомида илиқ об-ҳаво кузатилади

Ҳарорат +25…+30 даража атрофида бўлади. Айрим жойларда чанг-тўзон кўтарилиб, қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Ўзгидромет хизмати ҳафта давомида Ўзбекистон бўйлаб илиқ об-ҳаво кутилмоқда, фақат айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.

Ўтган ҳафта охирида об-ҳавонинг кескин ўзгариши кузатилди. Республика бўйича барча жойларда ёмғир ёғиб, баъзи жойларда момақалдироқ ва шамолнинг кучайиши қайд этилди. Кундузги ҳарорат 5−10 даражага пасайди.

28 август куни эрталаб республика ҳудуди бўйича (энг чекка шарқий ҳудудлардан ташқари) ёмғир ёғиши тўхтади. Кундузи ҳарорат +23…+28 даража атрофида бўлади. Фарғона водийси вилоятларида душанба куни булутли об-ҳаво сақланиб туради, айрим ҳудудларда ёмғир ёғади.

Сешанба, 29 август куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ, кам булутли ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, ҳаво ҳарорати +29…+32 даражагача кўтарилади. Фақат Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига яна нам ҳаво тарқала бошлайди, Қорақалпоғистон Республикасининг баъзи жойларида ёмғир ёғиши мумкин.

30 августда республика бўйича баъзи жойларда, 31 августда кечаси ва эрталаб Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, айрим жойларда момақалдироқ бўлади.

31 август кундузи ва 1 сентябрда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 28 августда +24…+26 даража, 29−31 август ва 1 сентябрда +25…+30 даража бўлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: