20:41 | 28.11.23

                       

Ўзбекистонда атрофни ифлослантирувчи корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилиши мумкин

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан экологик ҳолатни янада яхшилашга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан экологик ҳолатни янада яхшилашга қаратилган — «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мажлисда сўнгги йилларда Ўзбекистонда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда санитария ва экологик ҳолатни яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани айтиб ўтилган.

Қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламининг кенгайиши атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг кескин ортишига сабаб бўлмоқда. Шунга кўра, атроф табиий муҳитнинг нормативдан ортиқ даражада ифлосланишининг олдини олиш мақсадида табиатга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини чеклаш ва тўхтатиб қўйиш мезонларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан эса қонун ҳужжатларига атроф табиий муҳитни нормативдан ортиқ даражада ифлослантирувчи корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклашни ҳамда тўхтатиб туришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда экологик ҳолатни янада яхшилаш, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олиш, шунингдек ваколатли давлат органларининг ушбу йўналишдаги масъулиятини ошириш имконини беради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: