21:03 | 04.12.23

                       

Ўзбекистонда «Чиқиндиларни энергияга айлантириш» заводи ишга туширилади

Азиз Абдуҳакимов Дубайнинг Tadweer компанияси ҳамкорлигида оширилаётган лойиҳа глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг таъсирини 15-20 фоизга камайтиришини айтди.

Экология вазирлигининг хабар беришича, БААнинг Дубай шаҳрида COP28 форуми доирасида Ўзбекистон ва Tadweer (Аbu Dabi Waste Management Company — Абу Dаби чиқиндиларни бошқариш компанияси) ўртасида меморандум имзоланди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Меморандумдан сўнг, Президент Мирзиёев ҳамда компания бош директори Али Ал-Дҳаҳери ўртасида ўтказилган икки томонлама учрашувда 2019 йилдан буён йўлга қўйилган ҳамкорликнинг кенгайиши БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам ва ижобий муносабатлардан далолат бериши қайд этилган.

Шунингдек, меморандум қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришда замонавий, инновацион ва экологик тоза технологиялар ҳамда хизматларни жорий этиш барқарорликни оширишга хизмат қилиши, бу борада Ўзбекистонда «Чиқиндиларни энергияга айлантириш» заводи ишга туширилиши режалаштирилгани қайд этилган.

«Ўзбекистонда чиқиндиларни бошқариш соҳасини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда ва бу соҳада катта тажрибага эга бўлган Tadweer компанияси билан имзоланган меморандум эса навбатдаги самарали қадам ҳисобланади. Биз ўзаро ҳамкорликда чиқиндиларни қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб кетиш, саралаш, қайта ишлаш, утилизация қилиш, чиқинди газини йиғиш, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришни бошқариш тизимини такомиллаштириш каби муҳим вазифаларни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз», деган Экология вазири Азиз Абдуҳакимов.

Лойиҳа Навоий, Бухоро вилоятлари ва Фарғона водийсига қаратилган техник-иқтисодий асослашдан бошланади ва ҳар бир ҳудудда чиқиндиларни йўқ қилиш амалиёти ўрганилади.

«Ушбу заводнинг ишга туширилиши ҳамкорликнинг аҳамияти ва бизнинг янада яшил, барқарор келажакка садоқатимиздан далолатдир. Бу ташаббус Ўзбекистонда нафақат қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида инқилоб ясайди, балки иқлим ўзгариши таъсирини юмшатишга ҳам катта ҳисса қўшади», деган компания бош директори Али Ал-Дҳаҳери.

Экспертларнинг фикрига кўра, лойиҳа глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг таъсирини 15-20 фоизга камайтиради, бу эса атроф-муҳит ва иқтисодий жиҳатдан сезиларли афзалликларга олиб келади.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Дубай шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида нутқ сўзлаб, глобал равишда кам углеродли иқтисодиётга ўтишда G7 ва G20 давлатларининг фикри инобатга олиниши шартлигини айтганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: