15:54 | 12.12.23

                       

Ўзбекистонда дарахтлар ҳам паспортга эга бўлади

Экология вазирлигига кўра, паспорт бериш Тошкент шаҳрида тест режимида йўлга қўйилган.

Президент Мирзиёевнинг «Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Экология вазирлиги томонидан дарахтларни паспортлаштириш жараёни тест режимида уч босқичда амалга оширилади.

Вазирлик берган хабарга кўра, биринчи босқичда аэрокосмик тасвирлар ва дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда мавжуд дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилади. Фақатгина якка тартибдаги уй-жойлар ҳудудидаги дарахтлар бундан мустасно. Кейин вазирликнинг Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган тизим ёрдамида ҳар бир дарахтнинг координаталари аниқланади.

Иккинчи босқичда хатлов натижасига кўра, аниқланган дарахтларнинг ёши, тури, бўйи, ҳолати ва жойлашув координатасини акс эттирувчи маълумотлар базаси шакллантирилади.

Учинчи босқичда эса маълумотлар базаси асосида «Яшил макон» электрон платформасида ҳар бир дарахтга паспорт шакллантирилади ва ID рақам берилади.

Келтирилишича, дарахтларни паспортлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида «Замин» халқаро жамоат фонди билан тузилган шартнома доирасида 100 дона GNSS ускунаси харид қилиш режалаштирилган.

Тўпламга дарахтнинг энг аниқ жойлашувини аниқлаш учун GNSS қабул қилувчилар ва GNSS таянч станциялари, лазер диапазони, ўлчагич, планшетлар ва махсус Field map дастури киради. Бундан ташқари, фармонда қўшимча 100 та GNSS қурилмалари тўпламини харид қилиш кўзда тутилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: