15:46 | 30.11.23

                       

Ўзбекистонда дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилмоқда

Депутатлар дронлардан фойдаланишни биринчи марта содир этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик ўрнига маъмурий жавобгарликни белгиловчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар томонидан “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Маълумки, учувчисиз учадиган аппаратлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши чекланган товарлар қаторига киради. Уларни республика ҳудудига қонунга хилоф равишда олиб кириш, шунингдек ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, бунда уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 20-моддасига мувофиқ давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодекси  ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга республика ҳудудига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишни биринчи марта содир этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик ўрнига маъмурий жавобгарликни белгиловчи, шунингдек ушбу ҳуқуқбузарликларни такрор содир этганлик учун жиноий жавобгарлик жазо чораларини енгиллаштирувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: