12:06 | 27.09.23

                       

Ўзбекистонда энди тиббиёт талабаларидан имтиҳонни робот-симуляторлар олади

Клиник имтиҳонлардан ўта олган талабаларга шифокор бўлиб ишлашга рухсат берилади.

Ўзбекистондаги тиббиёт олий таълим муассасаларида таълим олувчи талабаларнинг билим ва кўникмалари инсон омилисиз, робот-симуляторлар ёрдамида баҳоланади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: The Robot Report

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Илм-фан ва таълим бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоиловнинг айтишича, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура босқичлари талабаларининг назарий ҳамда амалий билим-кўникмалари инсон омилисиз, махсус робот-симуляторлар орқали баҳоланади.

Президент қарори билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га биноан, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш муассасалари учун уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан симулятор ускуналарини харид қилиниши белгиланган.

Маълум қилинишича, айни пайтда муассасаларда робот-симулятор ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб бориляпти.

Эндиликда талабалар клиник имтиҳонлардан ўта олса, шифокор бўлиб ишлашига рухсат берилади.

Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан барча давлат ва нодавлат тиббиёт олий таълим муассасаларида икки босқичли давлат имтиҳонларини ўтказиш тизими жорий этилади. Бунда 1-босқичда талабалар фундаментал фанлар бўйича якуний давлат имтиҳонларини топширса, 2-босқичда клиник фанларни ўзлаштирганлик даражаси баҳоланади.

Дастлабки имтиҳонни муваффақиятли топширганларга курсдан курсга ўтишга, клиник билимларга оид синовларда яхши натижа кўрсатганларнинг эса амалиётда шифокор бўлиб ишлашига рухсат этилади.

Бундан ташқари, Ординатурага ва интернатурага кириш имтиҳонлари ҳам инсон омилисиз ўтказилиши белгиланган.

Шу пайтгача суҳбат асосида ўтказиб келинган қабул жараёнларига эса чек қўйилади. Эндиликда тиббиёт олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий тадқиқот институтларида клиник ординатура ва интернатура мутахассисликлари бўйича кириш имтиҳонлари бир босқичли тест синовлари асосида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилади.

Бунда ҳар бир талабгор учун БҲМнинг ярим баравари миқдоридаги тўлов тегишли тиббий таълим муассасаси томонидан тўлаб берилиши белгиланган. Қабул жараёнлари йилига икки мартадан ўтказилади.

Юқорида келтирилган «Йўл харитаси»га асосан етакчи хусусий клиникаларда клиник ординатура дастурлари асосида тор доирадаги мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, давлат тиббий олий таълим муассасаларининг хирургия, кардиология, стоматология ва терапия каби қатор кафедраларига ривожланган хусусий кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида ўқув-клиник амалиёт базасини ташкил этишга рухсат берилади.

Хусусий тиббиёт муассасаларининг клиник ординатурага қабул жараёнлари ҳам давлат муассасаларида бўлганидек, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бир босқичли тест шаклида йилига 2 марта амалга оширилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: