21:10 | 18.12.23

                       

Ўзбекистонда кўчмас мулк савдоси кескин ошди — инфографика

Тошкент шаҳридаги уй-жой ва ижара нархлари маълум бўлди.

2023 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорида икки ойлик пасайишдан сўнг, ўсиш кузатилди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бозорнинг айни пайтдаги ҳолати ўртача барқарор ҳисобланади. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) ўзининг ноябр ойи учун таҳлилларида кўчмас мулк бозорида юз берган ўзгаришларни тақдим этди.

Таҳлиллардан маълум бўлишича, ноябр ойида кўчмас мулк савдоси октябр ойига нисбатан тўрт фоизга ошиб, ушбу ойда 800 та уй-жой кўпроқ сотилган.

Ноябр ойи мобайнида энг кўп ўсиш 23, 16, 12 фоизлар билан Хоразм, Наманган, Жиззах вилоятларида кузатилган.

2023 йил давомида уй-жой савдоси 10 фоизга камайган. Фаолликнинг энг кўп пасайишини кўрсатган ҳудудлар Навоий ва Жиззах вилоятлари бўлиб, мос равишда 23 фоиз ва 18 фоизга пасайган.  Тошкент шаҳрида эса сотувлар 2022 йилга нисбатан 24 фоизга қисқарган.

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Тошкент шаҳрида уй-жой ижараси бозоридаги вазият

Тошкент шаҳрида ижаранинг ўртача нархи октябр ойидаги 9,5 долларга нисбатан ноябр ойида 2,1 фоизга бироз пасайди ва бир квадрат метр учун 9,3 долларни ташкил этди. Пойтахтнинг 11 та туманидан 10 тасида ижара нархининг пасайиши кузатилган.

Ижара учун энг қиммат ҳудудлар Шайхонтоҳур (бир квадрат метр 11,6 доллар), Яккасарой (10,9 доллар) ва Миробод (11,5 доллар) туманлари бўлди. Пойтахтдаги уй-жой ижараси Учтепа (8,1 доллар), Сергели (7,1 доллар) ва Бектемир (6.2 доллар) туманларида энг мақбул нархларда қолмоқда.

Шу билан бирга, пойтахтда ўртача ижара нархи 2022 йилга нисбатан 6,1 фоизга камайди. Шу йил бошидан буён ижаранинг ўртача нархи 9,2 фоизга камайди. Шаҳарда ижара нархи бир ой ичида фақат Бектемир туманида 3,7 фоизга ошди.

Иккиламчи кўчмас мулк бозори

Ноябр ойида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг ўртача ўсиши бир квадрат метр учун 0,7 фоизни ташкил этди, 2022 йилнинг ноябр ойидан буён иккиламчи уй-жой нархи деярли 18,2 фоизга ошди.

Инфографика: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Бутун йил давомида Хоразм (32,9 фоиз), Тошкент (31,0 фоиз) ва Бухоро (26,9 фоиз) вилоятларида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг сезиларли ўсиши қайд этилди.

2023 йил давомида Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 22,8 фоизга ошди.

Тошкент шаҳрида ноябр ойи давомида иккиламчи уй-жой нархи 0,4 фоизга ошди. Пойтахтда нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Шайхонтоҳур (1,7 фоиз), Юнусобод (1,6 фоиз) ва Сергели (1,5 фоиз) туманларида кузатилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: