23:03 | 26.12.23

                       

Ўзбекистонда машина сотиш учун баъзи қоидалар ўзгарди

Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинди.

2023 йилнинг 25 декабр куни Ўзбекистонда янги автомототранспорт воситаларини чакана сотиш тартибини янада такомиллаштириш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинди.

Яъни, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари 119—1 банд билан тўлдирилди. Унга кўра, сотувчи олди-сотди шартномасини тузишда барча истеъмолчиларга тенг имкониятларни яратади.

Ҳукумат қарорига биноан, агар бозорда устун мавқега эга сотувчида ўзи томонидан ишлаб чиқарилган автотранспорт воситасини сотишда ички бозордаги талабни қондириш имконияти мавжуд бўлмаганда, шунингдек, бир шахс билан 12 ой давомида автотранспорт учун иккитадан ортиқ шартнома тузилганда, сотувчи кейинги 12 ой мобайнида ушбу маҳсулот учун қайта шартнома тузишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.

«Ўзавтосаноат» АЖ эса қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этганлардан бири сифатида ушбу қарорни автомобилни ўзи учун сотиб олаётган харидорларнинг ҳуқуқларини таъминлашда «ўз вақтида қилинган муҳим қадам» деб ҳисоблашини маълум қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: