9:00 | 30.11.23
Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш билан боғлиқ йиғилиш ўтказди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев раислигида кеча, 29 ноябр куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш ишлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлат раҳбари унда бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлаб, бунда биринчи муҳим вазифа – канал ва ариқларни бетонлаш эканлигини айтган.
Энг кўп сув йўқотишлари Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Навоий, Хоразм ва Бухоро вилоятларига тўғри келиши, каналларнинг охирида жойлашган 175 минг гектар экин майдонида сув таъминоти жуда оғирлиги айтиб ўтилган.
Шу боис сув хўжалигида «каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» эълон қилинди. Келгуси йилда 1500 километр, яъни бу йилгига нисбатан тўрт баробар кўп йирик каналларни бетонлаш вазифаси белгиланган. 2025 йилдан бошлаб камида икки минг километрдан каналларни бетонлашга ўтилади.
Йиғилишда, шунингдек, сув тежаш жорий этилган майдонларни ҳар йили кенгайтириб бориш, Туркия, Испания ва Хитойнинг бу бўйича тажрибасини ўрганиш муҳимлиги таъкидланган.
Маълумот учун, кластер ва фермерларга сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун икки йиллик имтиёзли давр билан беш йилга 14 фоизли кредит ажратилади. Бунинг учун очиқ-ошкора платформа ишга туширилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: