21:12 | 22.12.23

                       

Ўзбекистонда таржимонлар учун Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилади

Мирзиёев шунингдек, нашриёт ва матбаа корхоналарини беш йилгача солиқлардан озод қилиб, маданият, санъат, кутубхона ҳамда музей ходимларининг ойлиги оширилишини айтди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев бугун, 22 декабр куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари йиғилишда тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантириш учун алоҳида дастур қабул қилинишини айтиб, хаттотлик ва миниатюра санъати таълимини амалиёт билан боғлаш мақсадида миллий усулда қоғоз тайёрлаш бўйича ўқув ишлаб чиқариш устахонаси ташкил этилишини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Яна бир муҳим масала – маданият ва санъат соҳасида таълим сифатини ошириш бўйича жиддий ўзгариш қилишимиз шарт», — деган Мирзиёев.

Давлат раҳбари мутасаддиларга мусиқа ва санъат мактаблари муаллимларининг ойлигини ошириш, ушбу мактабларнинг коммунал харажатларини бюджетдан қоплаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентга кўра, маданият ва санъат, кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларнинг ойликлари 2024 йилнинг 1 апрелидан 20 фоизга, 2025 йилнинг 1 январидан яна 15 фоизгача бўлган миқдорда оширилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, йиғилишда нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятлари кенгайтирилиши, моддий-техник базаси мустаҳкамланиши зарурлиги таъкидланиб, уларни беш йилгача солиқлардан озод қилиш ва имтиёзли кредитлар ажратиш айтиб ўтилди. Шавкат Мирзиёев таржимонликни рағбатлантириш учун Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этишни таклиф этди.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев «кўча» ва коррупционер мансабдорлар ҳақида гапирганди. Шунингдек, Президент миллий сертификатга эга «Ўзбек тили ва адабиёти» фани ўқитувчиларига 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланишини маълум қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: