14:20 | 10.11.23

                       

Ўзбекистонда тез ёрдамни ёлғондан чақирганлар жаримага тортилиши мумкин

Ёлғон мурожаат қилганлар хизматнинг бир марталик чақирув харажати миқдорида пул тўлайди.

Ўзбекистонда тез тиббий ёрдамга ёлғон чақирув бўлган ҳолатларда чақирувни амалга оширган фуқароларга тегишли битта чақирув харажати миқдорида жарима қўллаш амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда. Мазкур таклиф Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2024−2026 йилларга мўлжалланган бюджетномада келтириб ўтилган.

Фото: Telegram

Унга кўра, ёлғон мурожаат қилганларни хизматнинг бир марталик чақирув харажати — бугунги кунда 178 минг сўм миқдорида жаримага тортиш таклиф этилган.

Бундан мақсад тез тиббий ёрдам хизмати имкониятларидан тўғри ва самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳолига манзилли тез тиббий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш экани таъкидланган.

Бюджетномада, шунингдек, сурункали ва доимий тез тиббий ёрдам чақирувларига чеклов белгилаш ҳам таклиф этилган. Қайд этилишича, 2023 йилда 1 та тез тиббий ёрдам чақирувга давлат бюджетидан ўртача 178,2 минг сўм маблағ сарфланмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги берган изоҳга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жавобгарлик белгиланганига қарамай, жарималарни қўллаш тартиби бўйича низом мавжуд эмас. Шу сабабли бу бўйича низом ишлаб чиқилиши ва шу жумладан, тез тиббий ёрдамга бир неча бор ёлғон чақирувлар қилаётганларни жаримага тортиш тартибини аниқлаштириш таклиф этилган.

Аввалроқ, Ўзбекистонда 2019–2020 йилларда тез тиббий ёрдам ходимларига қанча тажовуз қилингани очиқлангани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: