13:12 | 18.10.23

                       

Ўзбекистондаги иссиқхона хўжаликлари йўқ бўлиб кетиш арафасида

Иқтисодчи Юлий Юсупов иссиқхоналарни кўмир ёқилғисига ўтказиш қарори уларнинг ёпилишига олиб келишидан огоҳлантирди.

Иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистондаги иссиқхоналарни кўмир ёқилғисига ўтказиш қарори охир-оқибат уларнинг хонавайрон бўлишига олиб келишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.

Фото: Bugun.uz

Юсуповнинг таъкидлашича, иссиқхона хўжаликларининг газдан кўмирга ўтказилиши биқ қатор оқибатларни келтириб чиқаради. Жумладан, иссиқхоналар мамлакатда истеъмол қилинадиган газнинг фақатгина 1 фоизини сарф қилиб, уларнинг кўмирга ўтказилиши газ балансига таъсир қилмайди. Иккинчидан эса тадбиркорлар газ учун тўловларни амалга ошириб келган, ҳозир ҳам тўламоқда ва энг юқори тариф билан тўлашга ҳам тайёр. Ҳисоб-китобларга кўра, кўмирга ўтказилиш кўплаб объектларнинг рентабеллигига путур етказиб, уларнинг ёпилишига олиб келади. Кўмирда ишлайдиган ускуналарга сармоя киритилиши эса тармоқларнинг қарз юкуни янада оширади. Шу билан бирга, иссиқхона саноати аллақачон бир миллиард долларлик қарз олган (мамлакат ялпи-ички маҳсулотига нисбатан 1,25 фоиз).

«Ишончим комилки, иссиқхоналарга берилган кредитлар мансабдор шахсларнинг босими ва бизнес учун қулай шарт-шароитлар ваъдалари остида тақсимланган», дейди иқтисодчи.

Юлий Юсуповнинг ёзишича, Президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни Бухорода бўлиб ўтган йиғилишда Энергетика вазирлиги, вилоятлар ҳокимлари ва иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама шартномаларни расмийлаштириш бўйича топшириқ берган. Шу билан бирга, иссиқхоналарни ёқилғи маҳсулотлари (кўмир ва газ) билан узлуксиз таъминлаш кафолатланиши кераклиги белгиланган.

«Давлатимиз раҳбарининг фармойиши умидида иссиқхоначилар кўчат ишларини олиб борди. Аммо шу кунгача уларга газ уланиши рад этилмоқда. 12 октябр куни 50 дан ортиқ иссиқхоначилар Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси вакиллари билан учрашди, бироқ бу масала ҳалигача ҳал бўлмади. Нега мансабдор шахслар бу соҳани вайрон қилишда, ҳатто тўланмаган кредитлар туфайли молиявий инқирозни қўзғатишда қатъийлик кўрсатаётгани аниқ эмас», деб ёзади Юсупов.

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда 5,2 минг гектар майдонда 6 мингдан ортиқ иссиқхона фаолият кўрсатиб, уларда 600 миллион долларлик маҳсулот, жумладан, 300 миллион долларлик экспортдан тушум олинади. Шунингдек, иссиқхона хўжаликларида 35 мингдан ортиқ одам меҳнат қилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: