18:30 | 13.12.23

                       

Ўзбекистондаги қўриқхонада илк бор тўртта қоплон гуруҳи кузатилди

Қор қоплони, қор леопарди ёки илвирс — маҳаллий даражада кенг тарқалган ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган кичик тур сифатида Ўзбекистоннинг «Қизил китоби»га киритилган.

Қашқадарё вилоятидаги «Ҳисор» қўриқхонаси ҳудудида тарихда биринчи марта тўртта қор қоплони гуруҳи кузатилди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тизимидаги қўриқхона ходимлари томонидан ўрнатилган фотоқопқонга ноёб кўчиб юрувчи ҳайвонлар муҳрланди.

Қор қоплони, қор леопарди ёки илвирс — маҳаллий даражада кенг тарқалган ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган кичик тур сифатида ТМХИ Қизил рўйхати ва Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган.

Кузги рўйхатга олиш маълумотларига кўра, «Ҳисор» қўриқхонасида 50-52 га яқин қор қоплонлари яшайди. Шуниси эътиборлики, қор қоплони бугунги кунда фақат совуқ иқлим шароитида яшайдиган мушуксимонлар оиласининг ягона тирик аъзосидир.

Қор қоплон тасвири Регистон майдонида жойлашган Шердор мадрасасининг асосий кириш эшиги ва миллий банкнотда тасвирланган. Шунингдек, мушуксимонлар оиласининг қудратли вакили 2024-йилнинг 12–17 феврал кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган CMS COP14 — Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши рамзи сифатида ҳам танланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: