14:33 | 09.01.24
Экология вазирлиги томонидан Хитойдан келтирилган машина атроф-муҳит учун зарарсиз ҳисобланади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан энди Ўзбекистонда чиқинди ташишда электрда юришга мўлжалланган техника воситасидан фойдаланилади. Электромобил Eko House чиқинди кластери томонидан Хитойдан келтирилди.
«Бугунги кунда экология, хусусан, чиқинди соҳасида янги технологиялар жорий қилинмоқда, — деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. — Хитойнинг Chengdu Shiny Technology Co Ltd компанияси билан ҳамкорликда олиб келинган электротехника воситаси, аввало, атмосферага заҳарли ташламалар чиқармаслиги билан аҳамиятли. Яъни бу машина экологияга зарар етказмайди».
Хитой компанияси мутахассиси Вей Го хоним ушбу электромобил атмосферага зарарсиз эканлигини, Ўзбекистон ҳам айнан шу жиҳатга эътибор қаратганини таъкидлаган.
«Электромобил Хитойнинг Ченжу шаҳрида ишлаб чиқарилган. Экологик жиҳатдан зарарсиз. Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликдан мамнунмиз ва келажакда чиқинди ташийдиган электромобилларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз», — деди Вей Го.
Электромобил дастлаб Жиззах вилоятида синовдан ўтказилади. Эътиборли томони, у тор кўчаларда ҳам юришга мўлжалланган.
«Машина тўлиқ қувватда 300 километр масофани босиб ўтади. Бу эса кун давомида аҳоли яшаш пунктларидан чиқиндиларни олиб, махсус полигонларга ташиш имконини беради. Шунингдек, 3 тоннагача юкни бемалол кўтара олади», — деди Eko House чиқинди кластери раҳбари Жаҳонгир Худойбердиев.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: