17:12 | 12.11.23

                       

Ўзбекистонга Мисрдан гепатит C’га қарши препаратлар олиб келинди

Миср ҳукумати етказиб берган дорилар 133 минг кишини даволашга етади.

Ўзбекистонга Мисрдан гепатит C’га қарши препаратларнинг навбатдаги, 18-партияси олиб келинди. «Дунё» ахборот агентлигининг хабар беришича, 5600 ўрамдаги «Софосбувир-400мг» дориси Тошкентга етиб келган.

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Вирусология илмий-текшириш институтига юборилган. Ушбу муассасада даволанаётган беморлар дорилардан бепул фойдаланиши белгиланган.

Маълумот учун, Миср ҳукумати томонидан Ўзбекистонга ҳозиргача етказиб берилган 800 минг дона дори воситаси 133 минг беморнинг даволанишига бўлган эҳтиёжни қондиради.

Мазкур гуманитар акция Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 20-21 феврал кунлари Мисрга расмий ташрифи ва Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан музокаралар чоғида эришилган келишувларга мувофиқ амалга оширилмоқда. Гуманитар ёрдам гепатит билан касалланган беморларни қўллаб-қувватлаш ва уларни давлат ҳисобидан даволашга ёрдам беради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: