14:38 | 11.11.23

                       

Ўзбекистонлик ҳакам бутун умрга футболдан четлатилди — видео

У мамлакат Суперлигаси доирасидаги ўйинда атайин хато қарор чиқарган.

Ўзбекистонлик футбол ҳаками Комилжон Расулов бутун умрга футболдан четлатилди. Ўзбекистон Футбол ҳакамлари марказининг бундай қарор чиқаришига кеча, 10 ноябр куни Суперлига 2023 йилги мавсумининг 19-тури қолдирилган ўйини доирасида «Бухоро» ва «Олимпик» жамоалари ўртасида бўлиб ўтган баҳсдаги воқеа сабаб бўлди.

Фото: Championat.asia

Унда бош ҳакам Комилжон Расулов ўйинга қўшиб берилган сўнгги дақиқаларда мезбон жамоа дарвозаси томон пенальти белгилади. Ҳакам вазиятни VAR ёрдамида текшириб, «Бухоро» ҳимоячиси ўз жарима майдончаси ичида «Олимпик» футболчисига нисбатан ўйин қоидасини бузган, деб ҳисоблади ва қарорини ўзгартирмади.


Натижада, «Олимпик» футболчилари пенальтидан урилган гол эвазига меҳмонда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва уч очкони қўлга киритди. «Бухоро» эса шу ўйиндан сўнг чемпионат якунланишига икки тур қолганида сўнгги ўринни эгаллаши аниқ бўлиб улгурди ва Про Лигага тушиб кетди.

Ўйиндан сўнг Футбол ҳакамлари маркази қарор нотўғри бўлганини маълум қилди. Ўрганиш давомида маълум бўлишича, бош ҳакам Комилжон Расулов VAR такрорларини кўриш учун монитор олдига келган вақтида «Бухоро» жамоасининг мураббийлар штаби ва захира ўйинчилари унга халал бериб, турли куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаган. Шу сабабли, ҳакам ВАР олдида хато қилаётганини билса ҳам, ҳиссиётларга берилиб, атайин «Бухоро» зарарига пенальти белгилаган. Комилжон Расулов ўз тушунтириш хатида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қасддан, ҳиссиётларини жиловлай олмай, нотўғри қарор чиқаргани учун пушаймонлигини билдирган.

Аниқланган ҳолат бўйича Комилжон Расулов умрбодга футбол ҳакамлигидан четлатилгани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, 2023 йилнинг 29 октябр куни 23-тур доирасидаги «Пахтакор»га қарши баҳсда ҳам ҳакамлар айнан «Бухоро» зарарига қарор чиқариши оқибатида ўйиннинг 90+5-дақиқасида «Бухоро» дарвозаси томон пенальти белгиланган ва якунда ушбу жамоа мағлубиятга учраганди. Ўйиндан сўнг бош ҳакам Равшан Абдувоҳидов ва VAR ҳаками Найим Қосимов ҳакамликдан номуайян муддатга четлатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: