15:42 | 28.10.23

                       

Ўзбекистоннинг янги элчиси Австрия Ташқи ишлар вазирлигига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди

Бахтиёр Ибрагимов бунгача Ню-Йоркда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили бўлган.

Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Бахтиёр Ибрагимов Вена шаҳрида Австрия Ташқи ишлар вазирлиги протокол бўлими бошлиғи ўринбосари Бернхард Фостенхаммерга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Бу ҳақда Dunyo ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Dunyo ахборот агентлиги

Суҳбат вақтида томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда Ўзбекистон-Австрия ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

Бернхард Фаустенхаммер Австрия томони Ўзбекистон билан ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама асосда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлаган.

Маълумот учун, элчи ТИВ тизимида 1992 йилдан иш бошлаган. Вазирлик марказий аппаратида, шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШ ва Жанубий Кореядаги элчихоналарида турли лавозимларда ишлаган.

57 ёшли Бахтиёр Ибрагимов мазкур тайинловга қадар 2017-2023 йиллар Ню-Йоркда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили бўлган.

Бахтиёр Ибрагимов бу лавозимда 2020-2023 йилларда Вена шаҳрида элчи бўлиб ишлаган Абат Файзуллаевнинг ўрнини эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Бахтиёр Ибрагимов Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси бўлгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: