11:30 | 27.09.23

                       

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиядаги ўзбекистонлик аёлларни огоҳлантирди

Консулхона хотин-қизларни «ўзбек халқи урф-одатлари, миллий анъаналари ва муқаддас динига тўғри келмайдиган» фаолиятдан қайтишга чақирган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиядаги ўзбекистонлик хотин-қизларни огоҳлантирди. Бу ҳақда консулхона матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик хотин-қизларни Истанбул, Анталия, Измир, Бодрум ва бошқа шаҳарларда катта маблағ эвазига консоматрис (конс) ишларига таклиф этиб, рекламалар тарқатилаётгани ҳолатлари кузатилмоқда.

Маълумот учун, консоматрис хизмати тунги кафеларда мижозлар билан бирга ўтириб, улар билан бирга спиртли ичимликлар ичадиган ва мижозларни оширилган нархларда ичимлик ва озиқ овқат олиш ҳамда уларни кўпроқ пул сарфлашга ундайдиган ёш қизларни ёллашни англатади.

Консулхонанинг огоҳлантиришича, бундай фаолият билан шуғулланаётганлар маҳаллий полиция томонидан Туркиядан чиқариб юборилмоқда.

«Ҳурматли опа-сингиллар! Консоматрис фаолияти бизнинг урф-одатимиз, миллий анъаналаримиз ва муқаддас динимизга тўғри келмаслиги ҳаммамизга маълум. Туркия ҳудудида ҳуқуқбузарликлар иштирокчиси бўлиб қолишингиз, жабр кўришингиз ёки айбдор бўлиб қолишингизнинг олдини олиш мақсадида, сиз яшаб турган давлатнинг қонун талабларига риоя қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингиз ҳаёти ва соғлигига хавф туғдириши мумкин бўлган жойлар ва шахслардан йироқ бўлишингизни тавсия қиламиз. Агар Сизда шу каби реклама тарқатаётганлар ва консоматрисликка жалб қилаётган шахслар ҳақида маълумот бўлса, консулхонага ҳабар беришингизни сўраймиз», дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: