«Ўзгидромет» мутахассиси Ўзбекистонда ҳам қутб ёғдулари кузатилиши мумкинлигини айтди.
6 ноябр куни Қозоғиcтон аҳолиси мазкур ҳодисага гувоҳ бўлган.
6 ноябрга ўтар кечаси Ўзбекистон ва Қозоғистонда 7 баллик геомагнит қўзғалиши юз берган. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан 10 км узоқроқда денгиз сатҳидан 1 300 метр баландликда жойлашган Ионосфера институти расадхонасидаги рентгонеметрик асбоблар 5 ноябрдан 6 ноябрга ўтар кечаси икки марта 7 баллик G3 хавфга эга геомагнит бўрони қўзғалишини қайд этган.

Мутахассислар бу ҳодисага ҳудуд учун узоқ йиллардан бери илк бор кузатилган «ғайритабиий магнит бўрони фаоллиги» деб таъриф беришган. Қозоғистон шимолида аҳоли ҳатто қутб ёғдуларига гувоҳ бўлгани маълум қилинган.
«Ўзгидромет» мутахассиси каналида ўтказган кичик сўровномада 5 ноябр тунда ва 6 ноябр тонгда магнит бўрони фаол бўлган вақтда иштирокчиларнинг 45 фоизининг бош қисмида сезиларли оғриқ кузатилгани маълум бўлган.
«Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишда тадқиқотларни кенгайтириш керак. Яқин йилларда биз ҳам шимол қутб ёғдуларига гувоҳ бўлсак ажаб эмас», – деган «Ўзгидромет» мутахассиси.