9:00 | 01.12.23

                       

Жаҳон банки Ўзбекистонга 50 млн доллар ажратишга қарор қилди

Рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологияларини ривожлантириш учун йўналтирилаётган бу пуллар эвазига 25 минг киши иш билан таъминланади.

Жаҳон банки ижрочи директорлари кенгаши кеча, 30 ноябр куни «Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик» лойиҳасини амалга ошириш учун 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади.

Ушбу лойиҳа асосан, Ўзбекистоннинг қишлоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган ёшларни соҳа юзасидан ўқитишни мақсад қилган.

«Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланаётган янги лойиҳа Ўзбекистонга ITES хизматлари соҳасидан иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадларида фойдаланишга ёрдам беради. Мамлакатнинг қишлоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган минглаб ёшларни ўқитиш мақсадини кўзлаган ушбу лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги IT-Park томонидан амалга оширилади. Лойиҳа доирасида ушбу тайёрлов курсларидан ўтган шахсларни ишга оладиган ITES компаниялари учун турли хил рағбатлар тақдим этилади», – дея таъкидлаган Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

Прогнозларга кўра, 2029 йилда лойиҳа якунига келиб, ITES хизматлари соҳасида Ўзбекистонда 25 минг киши иш билан таъминланиши ва 15 минг киши турдош соҳаларда иш топиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Келгусида бутун мамлакат бўйлаб замонавий офис майдонларини таклиф қилувчи 11 тагача ҳудудий ITES марказлари ишга туширилади.

Маълумот учун, лойиҳа чора-тадбирлари натижасида 240 га яқин янги ITES компаниялари IT-Park резидентларига айланади ва Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлайди.

Аввалроқ, Жаҳон банки Ўзбекистонда иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш учун 46 млн АҚШ доллари грант ажратиши ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: