14:40 | 09.12.23

                       

Жаҳон банки Ўзбекистонга 800 млн долларлик молиявий ёрдам беришга рози бўлди

Ушбу сумма қишлоқ хўжалиги, темир йўл, кимё саноати ва энергетика каби тармоқларга йўналтирилади.

Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонда ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўйича операцияни маъқуллади. Бу операция ҳукумат кун тартибидаги асосий устувор вазифалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, темир йўл, кимё саноати ва энергетика каби муҳим тармоқларда давлат назоратини камайтиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, олиб бориладиган ишлар хусусий секторнинг ушбу тармоқларни ривожлантиришда янада фаол иштирок этиши учун имконият яратади.

Шунингдек, ушбу операция аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга ҳамда иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммоларга ечим топишга ёрдам беради.

Операция доирасида Жаҳон банки ҳукуматга махсус имтиёзли шартлар асосида 800 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар шаклида молиявий ёрдам беради.

Маълумот учун, Жаҳон банкининг ушбу турдаги операцияси дунёнинг турли мамлакатларида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган махсус молиявий воситаси ҳисобланади.

Аввалроқ, Жаҳон банки Ўзбекистонда иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш учун 46 миллион АҚШ доллари грант ажратиши ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: