20:00 | 02.04.24

                       

Жаҳонгир Ортиқхўжаев эълон қилган Wayll инвестжамғармасига ким раҳбарлик қилиши маълум бўлди

Аввалроқ, Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўзбекистонликлар учун лойиҳаларга инвестиция киритиш имкониятини берувчи Wayll жамғармасини ташкил этилиши ҳақида эълон қилганди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнесга, жумладан, Akfa ҳамда Artel’га ҳам ўзбекистонликлар томонидан инвестиция киритиш имкониятини берувчи Wayll инвестиция жамғармаси ташкил этишини маълум қилганди. Қайд этилишича, янги ташкил қилинаётган жамғармага Tourism&Entertainment Group’ни бошқариб келаётган ёш тадбиркор Рустам Абдуваҳитов раҳбарлик қилади.

Рустам Абдуваҳитов

Wayll — йирик инвестиция жамғармаси, у инвесторларга Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг энг сердаромад корхоналарида, шунингдек, бошқа лойиҳаларда улушли иштирок этиш имкониятини беради. Ҳар бир лойиҳалардаги маблағларнинг маълум қисми бевосита Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли компанияларнинг улушини ташкил этади.

Мен учун Wayll инвестиция жамғармасига раҳбарлик қилиш – катта шараф. Бу бозор ривожининг янги босқичи, бизнес ва инвесторлар учун мислсиз имкониятлар яратилиши демакдир. Авваллари одамлар кенг кўламли ташаббусларга маблағ киритмас эдилар, натижада пуллар ҳисобрақамда ёки нақд шаклда қолиб кетар эди ва ишламасди. Ҳолбуки, пуллар ишлаши ва даромад келтириши лозим. Биз лойиҳаларни танлашга синчковлик билан ёндашамиз, қарор қабул қилишда Жаҳонгир Обидовичнинг шахсан ўзи қатнашиб, у ҳам Wayll’нинг ҳар бир лойиҳасига маълум даражада маблағ киритади, — деди Wayll инвестицион жамғармаси раҳбари Рустам Абдуваҳитов.

Wayll ишга тушгач у орқали иқтисодиётнинг турли тармоқлари: туризм ва HoReCa’дан тортиб таълим ва ишлаб чиқаришгача маблағ киритиш мумкин бўлади. Масалан, Tourism&Entertainment Group’нинг барча бўлажак лойиҳалари Wayll орқали ўтади.

Жамғарма ташкилотчиларига кўра, яқин орада жисмоний ва юридик шахсларда қуйидаги лойиҳаларнинг улушини сотиб олиш имкони туғилади:

  • Тошкентда 20 ГА майдонга эга йил бўйи ишлайдиган йирик аквапарк;
  • Тошкент вилоятида капсулали меҳмонхона ва очиқ осмон остида оммавий тадбирлар ўтказиш учун зарур инфратузилмага эга «Фестиваллар водийси».

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: