7:59 | 22.02.24

                       

Жанубий Корея Ўзбекистондаги вольфрам конларини ўзлаштиришда иштирок этади

Жанубий Корея томони 2024 йилда Ўзбекистонда минерал ресурслар ва геологик офатлар соҳасида лойиҳа бошланганини мамнуният билан эълон қилди. Ушбу лойиҳа Жанубий Корея ҳукуматининг 8 млн долларгача бўлган грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Ўзбекистон элчиси Виталий Фен Корея геология фанлари ва минерал ресурслар институти президенти Ли Пёнг Куни қабул қилди, деб хабар берди «Дунё».

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Учрашувда томонлар биргаликда геологик тадқиқотлар олиб бориш орқали ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, минерал ресурслар ва геологик офатлар соҳасида лойиҳани амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Ли Пёнг Ку Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан муҳандислик-геологик тадқиқотлар, хавфли геологик жараёнлар мониторинги, шунингдек, муҳим табиий ресурсларнинг янги конларини очиш бўйича илмий тадқиқотлар бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади.

У вазирлик доирасида катта маълумотлар тизими ва конлардаги аварияларни прогноз қилиш учун 3Д тизимини яратиш бўйича амалга оширилаётган қўшма тадбирларни алоҳида қайд этди. Ушбу ишлар доирасида фаол тажриба алмашиш, шунингдек, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича илғор рақамли технологияларни Ўзбекистон томонига ўтказиш давом этмоқда.

Жанубий Корея томони 2024 йилда Ўзбекистонда минерал ресурслар ва геологик офатлар соҳасида лойиҳа бошланганини мамнуният билан эълон қилди. Ушбу лойиҳа Жанубий Корея ҳукуматининг 8 миллион долларгача бўлган грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. 2024–2028 йилларга мўлжалланган лойиҳа қўшма илмий тадқиқотлар, асосий технологияларни жорий этиш ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини оширишни қамраб олади.

Жанубий Корея томонига Ўзбекистондаги вольфрам конларини ўзлаштириш бўйича қўшма ишларни фаоллаштириш таклиф этилди. Ли Пёнг Ку, шунингдек, 2024 йилнинг 5 март куни Сеул шаҳрида Корея геология фанлари ва минерал ресурслар институтининг халқаро форуми бўлиб ўтаётганини билдирди. У мазкур тадбирда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг икки вакили тақдимот билан иштирок этишини маълум қилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: