17:25 | 22.01.24

                       

«Жин чиқариш» маросимида бир аёлни ўлдириб қўйган божалар қамалди

Икки божа диний таълимга эга бўлмай туриб, инсонларга кириб қолган жинларни чиқаришига ишонтириш йўли орқали фирибгарлик билан шуғулланиб келган.

Bugun.uz маълумотларига кўра, икки божа 35 ёшли Б.Р.  ва 44 ёшли Т.Й. фирибгарлик йўли билан бойлик орттириш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктириб, ҳеч қандай диний таълимга эга бўлмасдан инсонларга кириб қолган жинларни чиқарамиз деб бошқаларни ишонтириш орқали фирибгарлик билан шуғулланиб келган.

2023 йилнинг ёзида оққўрғонлик Н.У.га ҳам жин кириб қолганлигини айтиб, гўёки «жин чиқариш» маросими ёрдамида ундаги жинни чиқариб юбормоқчи бўлишган. Улар бу маросимда фойдаланиш учун темир болға, занжир ва қозиқ каби инструментлар керак бўлишини айтган ва галма-гал темир болғани Н.У.нинг қорнига босиб туришган.

Улар ушбу маросим бир неча сеанслардан иборат эканини билдириб, бир неча кун давомида тонгги вақтда Умидага нисбатан ушбу жараённи давом эттирган ва темир анжомларни танага қаттиқ босишлари билан унинг ўлимига сабабчи бўлишган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, иш судда кўриб чиқилди. Bugun.uz’даги мавжуд маълумотларга кўра, аёлнинг вафоти сабабли улар фирибгарлик жиноятини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатда охирига етказа олмай қолган. 

Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, 42 ёшли аёлнинг ўлимига қовурғалар синиши, буйрак ва ошқозонга қон қуйилиши, ички қон кетиш ва шу каби бошқа бир нечта жароҳатлар сабаб бўлган.

Судда Б.Р. ва Т.Й. қилмишларидан пушаймонликларини ва қасддан қилмаганликларини билдирган.

Судда иштирок этган марҳуманинг отасини сўзларига кўра, дастлаб судланувчилар унинг анча йиллардан буён неврологик касалликдан азият чекиб келаётган турмуш ўртоғига нисбатан «жин чиқариш» маросимини ўтказишган ва шунда Б.Р. марҳумага унда ҳам жин борлигини, чиқариб юбориш кераклигини айтган. Аёл ишониб, ушбу амалларга рози бўлган.

Суд ҳолатни ўрганиб чиқиб, Б.Р ва Т.Й ни Жиноят Кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), бундан ташқари фирибгарлик ва эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш моддалари билан айбли деб топган. Б.Р.га нисбатан 2 йиллик аҳлоқ тузатиш ишлари ва 3 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси, Т.Й.га нисбатан эса 2 йиллик аҳлоқ тузатиш ишлари ва 2 ярим йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: