4:47 | 21.12.23

                       

Жинсий тарбия ва секс ҳали ҳам «табу» мавзуми?

Ўзбекистонда жинсий тарбияга қай даражада эҳтиёж бор? Ўсмирлардаги жинсий маданият ва ОИТС ҳақида билиб олинг.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги ижтимоий ҳаёт қайноқлашиб, аҳоли орасида турфа фикрлар ва турли қарашларга эга инсонлар кўпайиб бормоқда. Жаҳонда юз бераётган глобаллашув жараёни Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Мамлакат аҳолиси орасидаги консерватив, дунёвий ҳамда замонавий қатлам вакилларининг фикрий тортишувлари, ёшлар ва ўрта ёшлиларда кузатилаётган анъанавий бўлмаган ўзгаришлар бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Бу баҳслар ичида кўп йиллар мобайнида «табу» мавзу ҳисобланган жинсий тарбия мавзуси ҳам бор. Шу кунгача ҳеч вақт гапирилмаган ва ижтимоий баҳсларга сабаб бўлмаган бу мавзу бир неча йиллардан буён Ўзбекистонликлар орасида мунозараларга сабаб бўлмоқда. Масала шундаки, ҳозирда ёшларга, яъни, ўқувчи ва талабаларга жинсий тарбия ҳақида дарслар қўйиш ва ёшларнинг жинсий ҳаётларини тартибга солиш иддао қилинаётган бу фикрлар мамлакатдаги консерватив, анъаналарга содиқ аҳоли қатламининг қаршилигига учрамоқда.

Табу – жамият ва бирон бир соҳада гапириш мумкин бўлмаган мавзуни ва ҳолатни англатади. Бунга қонунан таъқиқ қўйилмаган бўлсада, шахслар томонидан ўрнатилган цензура сабаб бўлади

Уларнинг таъкидлашича, бу каби тушунчалар ёшлар зеҳнияти учун зарарли ҳамда миллий қадриятлар, менталитет ва анъанавий ижтимоий муносабатларга тўғри келмаслиги билан фарқланади. Қарши тараф эса, табиийки уларга қарши аргументлар билдириб, ўз фикрларини маъқуллашда давом этмоқдалар.

Bugun.uz ўз муштарийларига мамлакат ижтимоий ҳаётида ҳали ҳануз табу мавзу ҳисобланган жинсий тарбия ҳақида батафсил маълумот беради.

Жинсий тарбия нима?

Жинсий тарбия болалар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жинс масалаларига нисбатан тўғри тушунчани шакллантиришга қаратилган тиббий ва педагогик жараёнлар тизими бўлиб, ёшларга бериладиган тарбиянинг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади. Жинсий тарбия ўсмирнинг маънавий, жисмоний ва ақлий ривожланиши билан узвий боғлиқ ҳисобланади. Жинсий тарбиянинг бирламчи вазифаси ёшлар ва болаларда жинсий ҳаёт тушунчасини шакллантириб, боланинг келажакда насл қолдириши ҳамда никоҳ ва оила муносабатларида қийинчиликка дуч келмаслигини таъминлайди.

АҚШда жинсий тарбия ўқитиш. Диаграмма.
Фото: statista

Бу кўникмани боланинг ёши, жинси ва малакасига мос равишда шакллантириш керак. Айрим ота-оналар фарзандлар учун жинсий тарбияни ёшликдан эмас, аксинча балоғатга етган вақтидан бошлаш керак дея иддао қилишади. Аммо, бу фикр тўлақомли ўзини оқламайди ва бола тарбиясининг энг муҳим хусусиятини четлаб ўтишга ҳаракат қилади.

Ўзбекистондаги таълим даргоҳларида (мактаб, коллеж-лицей, университет) жинсий тарбиянинг шу вақтгача фан сифатида ўқитилмагани ва бу жараён аҳоли учун бегоналигини ҳособга олган ҳолда бу каби қаршиликлар бўлиши табиий ҳолдир. Лекин, сўнгги вақтларда рўй бераётган эрта ҳомиладорлик, балоғатга етмаган ёшлар ўртасида тузилаётган ноқонуний никоҳ ва педофилизм каби ҳолатлар аҳоли орасида жинсий тарбияга эҳтиёж бор эканлигини кўрсатмоқда.

Болалар учун мўлжалланган жинсий тарбия китоби.
Фото: smapse

Шунингдек, ўсмирлар орасида порнографик ва жинсий алоқа (секс) каби видеоматериалларнинг кенг миқёсда кўрилиши ҳам юқорида таъкидланган фикрларга яна бир қўшимчадир. Ёшларнинг порнографик видеоларга ружу қўйиши келажакда уларнинг жинсий ҳолатига зарар кўрсатмай қолмайди.

Сўнгги вақтларда «жинсий қувватни ошириш»ни ваъда қилиб сотилаётган дори воситалари савдосининг ниҳоятда оммалашуви ва бепуштликни даъволаши айтилаётган дориларнинг шу каби кенг тарқалиши жамиятни бу масала юзасидан чуқур ўйга толдириши ва муҳокамаларга дунёвийлик ракурсидан қарашга ундайди.

Порно материаллар ва секс

Бугунги кунда ёшлар томонидан «истеъмол» қилинаётган порнографик видеолар интернетдаги веб-сайтларда жуда кўплаб топилади. Уларнинг баъзилари ҳукумат қарори билан блокланган бўлсада, ўз фаолиятини давом эттираётган сайтлар ҳамда Телеграм каналлар йўқ эмас. Ўзи умуман, порнографик видеоларни тарқатиш ва ёйишда ижтомий тармоқлар жуда катта рўл ўйнайди.

Google платформасида Ўзбекистон ҳудудида кўплаб порнографик сайтлар блокланган

Авваллари аҳоли гавжум бозорларда «диск»ларга кўчириб тарқатилган бу каби тасвирларнинг ҳозирда ёшлар қўлига етиб келиши анча осонлашган. Қисқаси, сиз олдинлари DVD қурилмасини беркитиб қўйиш билан фарзандингизни порно видеолар кўришдан тўсиб қолган бўлсангиз, ҳозирда бунинг мутлақо иложи йўқ. Ўсмирлар ўз смартфонлари орқали таъқиқ ва таъқибларни четлаб ўтишмоқда.

Порно видеолар билан бир қаторда, мамлакатдаги мактабларда учраётган эрта ҳомиладорлик ҳолатлари «ярамизга туз сепмоқда». Жамият ва масъуллар «Ахир қандай қилиб?» деган саволни беришдан олдин воқеанинг келиб чиқиш сабаблари юқорида айтилган фикрлар эканлигини таъкидламоқчимиз. Ёшларга илмий ёндашувлар орқали жинсий тарбиянинг берилмаслиги ҳамда улар ўртасида порно видеоларнинг авж олиши таълим даргоҳларида эрта ҳомиладорлик ва никоҳсиз болалар туғилишига олиб келмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, болалар ва ўсмирларнинг жинсий ҳаёти маълум кўникмалар асосида тартибга солинмас экан юқорида таъкидланган кўнгилсиз ҳолатлар ҳали кўп йиллар «бош оғриғимиз» бўлиши турган гап.

Жинсий гигиена ва ОИТС

Жинсий тарбия нафақат ёшлар ўртасида жинсий ҳаётни тартибга солиш, балки мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам салмоқли ҳисса қўшиши турган гап. Негаки, ҳозирда мамлакатда қайд этилаётган ОИТС ва ОИВ каби касалликлар жинсий гигиеник кўникмаларнинг шакллантирилиши орқали сезиларли даражада камайиши мумкин.

ОИТС – орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (спид). ОИВ – орттирилган иммунитет вируси

Ўтган йилнинг феврал ойида Ўзбекистонда 45 минг инсон ОИТСга чалингани ва уларнинг 14 фоизи 18 ёшга тўлмаган болалар экани маълум қилинган. Бундан билиш мумкинки, ўсмирлар орасида нафақат порно видеолар истеъмоли, балки фохишалик хизматларидан фойдаланиш ҳам учрайди. Жорий йилнинг декабр ойида мамлакатда 48 мингдан зиёд инсон ОИВ билан касаллангани айтилди.

Қайд этилган кўрсаткичлар Ўзбекистонда бу масала ўз ечимини кутаётгани, болалар ва ўсмирлар учун жинсий тарбия нақадар зарур эканини кўрсатмоқда. Агарда, дунёга умумий назар ташласак, ОИТС ва ОИВ каби касалликлар ҳамда аҳолида жинсий тарбия ва жинсий гигиена маданиятининг етишмаслиги фақатгина Ўзбекистонда кузатилаётган ҳолат эмас. Муаммо шундаки, бу кўнгилсиз ҳолатлар болалар ва ўсмирлар орасида учраётгани мамлакат келажи учун потенциал хавф сифатида қаралишидир.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: