18:16 | 19.11.22

                       

Тошкент халқаро аэропортида тимсоҳ, игуана ва питонларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди — видео

Жониворлар зудлик билан Тошкент ҳайвонот боғига келтирилди

Тошкент халқаро аэропортида Мисрдан учиб келган аёл Ўзбекистонга 1 бош Нил тимсоҳи боласи ва 3 бош игуана, иккинчи қутида эса тўрсимон, йўлбарс ва хондра зотига мансуб 3 бош питон боласини ноқонуний олиб кирмоқчи бўлди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Тошкент халқаро аэропортида 2022 йил 16 ноябрь куни божхона ходимлари Мисрдан учиб келган йўловчиларни божхона назоратидан ўтказиш давомида «яшил» йўлак орқали ҳаракатланган аёлнинг безовталаниши ва шубҳали хатти-ҳаракатларига эътибор қаратган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати
Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Унга тегишли багаж назорат-рентген ускунаси  ҳамда эндоскоп орқали кўздан кечирилганида, юклар орасидаги 2 та ширинлик қутисининг  экранлардаги тасвири шубҳаларни тасдиқлади. Қутиларда ёввойи ҳайвонлар бор деган тахмин илгари сурилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Ҳайвонларга озор бериб қўймаслик ва божхона ходимларининг ҳаётий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аэропортга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари таклиф этилиб, улар томонидан қутилар очилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Натижада, биринчи қути ичида оғзи бойланган 1 бош Нил тимсоҳи боласи ва 3 бош игуана, иккинчи қутида эса тўрсимон, йўлбарс ва хондра зотига мансуб 3 бош питон боласи борлиги аниқланди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Шунингдек, жониворларни олиб ўтишга уринган шахс буни бировнинг илтимосига биноан маълум бир ҳақ эвазига олиб ўтаётганини маълум қилган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Жониворлар зудлик билан Тошкент ҳайвонот боғига келтирилди. Дастлаб жониворлар вазни, узунлигига доир маълумотлар қайд этилди. Уларнинг ҳолати кўздан кечирилди. Иссиқ иқлим шароитларига мослашган жониворлар самолётнинг ҳарорат паст даражада бўладиган юкхонасида ва ўта зич жойлашган қутилар ичида келтирилгани сабабли аҳволи қониқарсиз деб баҳоланди. Илонлар ва игуаналардан айримларининг таналари замбуруғлар билан касалланган.

Қайд этилишича, жониворлар ҳозирда карантинда, мутахассисларнинг доимий назорати ва парвариши остида сақланмоқда.

Мазкур ҳолатда олиб қўйилган ноёб жониворларнинг баҳоси дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда тахминан 77 миллион сўмдан ошмоқда.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, амалдаги тартибларга биноан, ёввойи ҳайвонларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари берадиган рухсатномалар асосида амалга оширилади. Ўзбекистонга ғайриқонуний равишда олиб киришга уриниш чоғида ушлаб қолинган ёввойи ҳайвонлар эса белгиланган тартибда олиб қўйилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: