11:33 | 09.05.24

                       

Бухорода маст эркак синфдошини уриб ўлдириб қўйди

Бухорода маст эркак синфдошини уриб ўлдириб қўйди. Марҳум январь ойида бедарак йўқолган эди.

Бухоро вилояти Когон туманида бедарак йўқолган эркак синфдоши томонидан уриб ўлдирилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.

Маълум қилинишича, 15 январь куни Когон туманининг «Баҳовуддин Нақшбанд» маҳалласида яшовчи фуқаро туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, акаси Х.А. 7 январь куни тахминан соат 19:30 ларда яшаш уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмаганини билдирган.

Когон тумани прокуратураси томонидан 20 январь куни ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланди. 7 январь кунидан 24 январь кунига қадар қидирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилди. Суриштирув ишларининг 17-кунида жиноятни содир қилган гумондор шахс аниқланди.

Ушбу қотилликни содир қилган шахс бир неча маротаба судланган, жабрланувчининг ён қўшниси, бир мактабда ўқиган синфдош дўсти бўлиб, спиртли ичимлик таъсирида ўзаро келиб чиққан келишмовчилик оқибатида ўз дўстини уриб, дўппослаши оқибатида ўлдириб қўйган.

Айбланувчининг айби унинг кўрсатмаларини воқеа жойида текшириш, тергов ҳаракати ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосан тўлиқ исботланиб, жиноят иши юзасидан тўпланган ҳужжатлар жазонинг муқаррарлигини таъминлаш учун жиноят ишлари бўйича Когон туман судига юборилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: