18:28 | 18.01.22

                       

Фарғонада ис газидан ҳалок бўлганларнинг 2 нафари ҳарбий хизматчи экани маълум бўлди

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда

Фарғонада 3 киши ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Аниқлик киритилишича, Фарғона шаҳрида ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлган уч кишининг 2 нафари ҳарбий хизматчи бўлган. Ҳолат юзасидан ҳозирда Фарғона ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Маълумот учун, 14 январь куни соат 13:00 атрофида Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини Абдулла Қодирий кўчасидаги хонадонда яшовчи икки фуқаронинг жасади топилган. Шунингдек, меҳмонга келган яна бир кишига тез тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, шифохонада вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, мазкур воқеа ис газидан заҳарланиш деб гумон қилинган. Вилоят ҳокими қарори билан воқеа сабабларини ўрганиш юзасидан комиссия таркиби тасдиқланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил бошидан 15 декабрга қадар 125 киши ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли вафот этгани маълум бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: